Сенатда Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази ташкил этилди
Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳокимлар ва маҳаллий кенгашларнинг ваколатлари тақсимланишига асосланган маҳаллий давлат ҳокимиятининг янги модели жорий этилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш Сенатнинг мутлақ ваколати сифатида белгиланди.
Маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга, норма ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини кучайтиришга кўмаклашиш, услубий қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида Сенат кенгашининг қарори билан Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази ташкил этилди.
– Марказнинг ташкил этилиши “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилди, – деди Сенат ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов. – Марказ бир қатор вазифаларни бажаради. Жумладан, маҳаллий кенгашлар фаолиятини замон талабларига мос ташкил этишга ҳуқуқий ва услубий ёрдам беради. Бунда кенгашлар фаолияти таҳлил қилинади ва уни такомиллаштириш бўйича қисқа ва узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқилади. Кенгашлар регламентлари, доимий комиссиялар низомларини ишлаб чиқишга кўмаклашади. Шунингдек, кенгаш котибиятлари фаолиятини ташкил этиш бўйича услубий кўмак кўрсатади.
Яна бир муҳим жиҳат – Марказ маҳаллий кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш борасида илмий-тадқиқот ишлари билан ҳам шуғулланади.
Марказ маҳаллий кенгашлар фаолиятини ташкил этишга ахборот-таҳлилий кўмаклашиш вазифасини амалга ошириш жараёнида бу борадаги хорижий тажрибани таҳлил қилиб боради ва таклифлар ишлаб чиқади. Кенгашлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш бўйича конференция, давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этади. Шу билан бирга, давлат ва маҳаллий бюджетнинг ижро этилишини ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасидаги тизимли муаммоларни таҳлил қилади. Маҳаллий кенгашлар учун ушбу йўналишларда тавсиялар ишлаб чиқади.
Бундан ташқари, Марказ доимий равишда маҳаллий кенгашлар фаолиятидаги муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш юзасидан илмий-услубий тавсиялар бериб боради. Маҳаллий кенгашларнинг халқаро ҳамкорлигини ташкил этишга кўмаклашади.
Кенгаш депутатлари ва котибият ходимларининг малакасини ошириш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардор қилиб бориш мақсадида улар учун мунтазам равишда ўқувлар ташкил этади. Кенгашлар фаолиятини рақамлаштиришга ҳам кўмаклашади.
Марказининг тузилиши халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳудудий вакиллик органининг олий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлигини изчил йўлга қўйиш ва шу орқали ҳудуддаги тизимли муаммоларни Ҳукумат даражасига олиб чиқиш ҳамда ҳал этиш имконини беради.
Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада оширишга, қолаверса, халқнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА