Сенат Трампнинг ваколатини чекламоқчи
АҚШ Сенати Эрон билан боғлиқ ҳарбий ҳаракат бўйича президент ваколатини чеклаш масаласини муҳокама қилади. Демократлар етакчиси Чак Шумер Конгресс ўз ролини кучайтириши кераклигини билдирди. Унинг фикрича, энди ҳужум фақат парламент розилиги билан амалга оширилиши лозим. Бу ташаббус икки ҳафталик сулҳ ортидан илгари сурилди.
Трамп аввал кескин баёнот билан чиқиб, инфратузилмага зарба бериш эҳтимолини билдирган эди. Мамлакат ичида танқидга сабаб бўлган бу ҳолат халқаро ҳамжамиятда ҳам хавотир уйғотди. Демократлар фикрича, ҳарбий амалиёт кутилган натижани бермай, аксинча иқтисодий босимни кучайтирган. Айниқса, ёнилғи нархи ошиши мавзу атрофидаги баҳсни янада авж олдирди.
Оқ уй эса Президент қарорлари қонун доирасида эканини такрорламоқда. Республикачиларнинг аксари шундай ёндашувни қўллаб-қувватлаяпти. АҚШ Конституциясида уруш эълон қилиш ваколати Конгрессга берилган бўлса-да, қисқа муддатли операциялар бўйича талқин турлича. Шу боис, айни масалада сиёсий ва ҳуқуқий тортишув давом этяпти.
Вакиллар палатасида ҳам шунга ўхшаш ташаббус кўтарилди. Демократлар етакчиси Хоаким Жеффрис бу урушни масъулиятсиз қарор сифатида баҳолаб, узоқ муддатли ечим дипломатия орқали топилиши кераклигини қайд этди.
Шу тариқа яна АҚШ ички сиёсий баҳс майдонини ташқи сиёсат эгалламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА