Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисини кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева халқаро майдонда вазият тобора мураккаблашиб бораётганига қарамасдан мамлакатимизда ривожланиш суръатлари барқарор сақланиб қолаётганини таъкидлади. Бу – Президентимиз бошчилигидаги ислоҳотлар нечоғли тўғри ва самарали бўлаётганини англатади.
Ислоҳотлар натижаси халқаро даражада ҳам эътироф этиб келинмоқда. Яқинда “Moody’s” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бўйича прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартиргани иқтисодиётимизни юксалтириш йўлидаги тизимли ишларга берилган навбатдаги юксак баҳо демакдир.
Мазкур рейтинглар мамлакатимизни халқаро майдонда ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.

– Жорий йил 9-12 июнь кунлари ўтказилган тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти ва барқарор иқтисодий ривожланишини тасдиқловчи яна бир кўрсаткич бўлди, – деди Т.Норбоева. – Форумда 100 га яқин давлатдан 8 мингдан ортиқ иштирокчи, 3 мингга яқин хорижий меҳмон, жумладан, вазирлар, халқаро молия институтлари вакиллари, дунёнинг етакчи корпорациялари раҳбарлари иштирок этди. Умумий қиймати қарийб 30 миллиард долларлик инвестиция келишувлари ва савдо шартномалари имзоланди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳитига хорижий инвесторларнинг юқори ишончидан далолат беради.
Президентимиз ташаббуси билан Марказий Осиёдаги интеграция жараёнлари жадаллашди. Марказий Осиё минтақаси халқаро майдонда, шунингдек, бошқа мамлакат ва бирлашмалар билан ўзаро алоқаларда умумминтақавий ёндашув билан иштирок этмоқда.
Хусусан, яқинда давлатимиз раҳбари Қозоғистонда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммитида илгари сурган таклиф ва ташаббуслари объектив нуқтаи назардан нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақамиз ҳамда қўшни минтақалар манфаатларига мос келади.
Жумладан, транспорт, логистика, рақамли инфратузилма, хавфсизлик, савдо-молиявий йўналишларда интеграцияни кучайтиришга қаратилган ташаббуслар, айниқса, бугунги ишонч ва ҳамкорлик кескин пасайиб кетган даврда алоҳида аҳамият касб этиб, Марказий Осиё минтақасини дунёдаги барқарор ҳамкорлик марказларидан бирига айлантиради.
–Албатта, бундай натижалар, эътирофлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Президентимиз бошчилигида ижтимоий-иқтисодий ривожланишга доир ҳар бир масалага давр талабидан келиб чиқиб, танқидий-таҳлилий, тизимли ёндашилиши туфайлидир. Бунда, энг асосий мезон – халқимизни рози қилиш, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА