Соғлиқни сақлаш вазирлигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси ўтказилди.
Сенат Раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда миллий ва ҳудудий кенгашлар аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти, ҳудудий бошқармалар ва муассасалар мутасаддилари, шунингдек, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупциявий ҳолатлар, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва оқибатлари, олдини олиш чоралари кенг муҳокама қилинди. Хусусан, Президентимизнинг 2025 йил 19 майдаги 88-сонли фармонида белгиланган вазифалар ижроси, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш, ахборот технологияларини жорий этиш ва “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.

2024 йил давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 500 дан ортиқ коррупцияга оид жиноят қайд этилган. Уларнинг катта қисми мансабни суиистеъмол қилиш, пора олиш-бериш ва давлат маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ.
Давлат харидлари соҳасида ҳам қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Ҳозирги вақтда бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Тиббиёт муассасаларида рақамлаштириш жараёнларининг суст кетаётгани, кадрлар танқислиги, ишга қабул қилишда шаффофликнинг йўқлиги, тиббий хизматлар сифатининг турли даражада бўлиши каби тизимли муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Сенат Раиси таъкидлаганидек, коррупцияга қарши курашиш фақат жазо чоралари билан чекланиб қолмаслиги керак. Асосий мақсад тизимда сезиларли ўзгаришларга эришиш, фуқароларнинг соғлиқни сақлаш тизимига ишончини мустаҳкамлашдир. Бунинг учун, биринчи навбатда, ички назорат, очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш лозим.
Мажлис якунида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига бир ҳафта муддатда муҳокама жараёнида билдирилган таклифларни умумлаштирган ҳолда аниқ чора-тадбирлар режаси – “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, Миллий кенгашга киритиш вазифаси юклатилди.
Н.Абдураимова, ЎзА