Учрашув чоғида парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва давлатлараро муносабатлар ривожига қўшимча туртки бериш нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Қосим-Жомарт Тоқаев Танзила Норбоевани қутлар экан, Остона шаҳрида бўлиб ўтган муҳим ташаббус – Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотида фаол иштирок этгани ва уни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Қозоғистон Республикаси раҳбари ушбу нуфузли тадбирнинг биринчи мажлиси натижалари минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилишига ва Марказий Осиёда гендер тенглик ҳамда барқарор тараққиётни таъминлаш соҳасида узоқ муддатли ечимларни ишлаб чиқишга имкон беришига ишонч билдирди.
Қозоғистон Президенти Қ.Тоқаев Олий Мажлис Сенати раисининг ташрифи икки томонлама ҳамкорликнинг ўзига хос хусусиятига яққол мисол бўлиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига тўлиқ мос келишини таъкидлади.
– Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифимиз натижаларини юқори баҳолаймиз. Жорий йилнинг 3 март куни Чимкент шаҳрида норасмий учрашув бўлиб ўтди. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг энг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Нафақат ҳукумат даражасида ўзаро мувофиқлаштирилган ишлар олиб борилаётгани, балки парламентлараро дипломатия ҳам фаол ривожланаётгани қувонарли. Шу боис келгуси йили Самарқандда иккинчи Парламентлараро форум ўтказилишини мамнуният билан қабул қиламан, – дея таъкидлади Қосим-Жомарт Тоқаев.
Ўз навбатида, Танзила Норбоева самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказди.
– Биз Сизнинг раҳбарлигингизда Қозоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаймиз. Сизни Қозоғистонда бутун тизимни сиёсий модернизация қилиш имконини берган йирик тадбирларнинг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклайман. Қозоғистон илғор ислоҳотлар йўлидан ишонч билан бормоқда ва Қозоғистон халқи Сиз тутган йўлни фаол қўллаб-қувватламоқда, – деб таъкидлади Сенат раиси.
Якунда Қозоғистон раҳбари Ўзбекистон раҳбарига самимий саломини айтиб, эзгу тилакларини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА