Сенат Раиси: Ўзбекистон БРМга эришишда энг катта ижобий ўзгариш қилган бешта давлатдан биридир
Сенат ялпи мажлисида бугунги мураккаб даврда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳар бир мамлакат олдидаги энг устувор вазифа эканига эътибор қаратилди.
– Қийинчилик ва мураккабликларга қарамай Президентимиз бошчилигида Янги Ўзбекистон ислоҳотлари изчил давом этаётир, — деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Давлатимиз раҳбари ҳузурида биринчи чорак якунларига бағишланган муҳокамада мазкур натижалар салмоғи аниқ рақамлар, кўрсаткичлар мисолида келтириб берилди. Ижобий ўзгаришлар, айниқса, вилоятларимиз ривожида яққол намоён бўлаётганини ҳудудлар палатаси сифатида алоҳида эътироф этишимиз керак.

Биргина Фарғона вилоятида 8,2 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 8 минг замонавий қувват ишга туширилган. 13,5 минг кичик ва ўрта корхона ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 2 карра ошган. Ишсизлик 4,6 фоизга, камбағаллик даражаси эса 5,2 фоизга тушган.
Ижтимоий давлат тамойилига ҳамоҳанг тарзда ҳудудда кейинги ўн йилда 74 минг ўринли мактаб, 145 минг ўринли боғча ва 3 минг ўринли шифохоналар ишга туширилган. Уй-жой дастури доирасида кўплаб аҳоли масканлари, жумладан, “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилиб, минглаб оилалар янги уйли бўлган.

Кенг кўламда олганда эса айнан давлатимиз раҳбари бошчилигида кечаётган трансформация жараёнлари натижасида кейинги йилларда миллий иқтисодиётимиз қарийб уч баробарга ўсди.
Ҳар бир оила, ҳар бир инсон ҳаётини яхшилашга устувор эътибор қаратилгани боис камбағаллик даражаси 35 фоиздан бугунги кунда 5,8 фоизга пасайди.
– Мамлакатимиз кейинги ўн йилда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишда энг катта ижобий ўзгариш қилган бешта давлатдан бири бўлди. Ислоҳотларни изчил давом эттириш орқали яқин беш йилда даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириш ҳамда камбағалликка тўлиқ барҳам бериш мақсад қилинган. Бунинг учун барча имкониятларимиз бор ва улар тўлиқ сафарбар этилган, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА