Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида мудофаа соҳасига оид қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунни кўриб чиқиш асносида Қуролли Кучларни профессионал тузилмага айлантириш ҳамда ҳарбий хизмат нуфузини янада ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Қонун ҳарбий рўйхатга олиш ва ундан чиқариш тартиби, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар тўғрисидаги ахборотнинг электрон алмашувини такомиллаштиришга қаратилган.
Тадбирда Сенат ялпи мажлисларида муҳокама қилинган муаммоли масалаларнинг ҳал қилиниши юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва тегишли вазирликларнинг ахборотлари эшитилди.

Жумладан, абонентларнинг розилигисиз ва хабардорлигисиз мобил алоқа операторлари уларни пуллик SMS-хабарларга ҳамда хизматларга автоматик тарзда улаб қўяётгани ҳамда Тошкент шаҳридаги пиёдалар ер усти ўтиш жойларида ўрнатилган лифт ва эскалаторларнинг носоз ҳолатда экани, айрим пиёдалар ўтиш жойларида эса лифт ва эскалаторлар ўрнатилмагани билан боғлиқ муаммолар юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Муҳокама якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА