Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда ҳудудларда ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни бартараф этиш мақсадида эълон қилинган давлат гранти танлови ғолибларини аниқлаш ҳамда давлат ижтимоий буюртмалари учун фуқаролик жамияти институтлари ўртасида танлов ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Ҳудудларда сақланиб қолаётган муаммоларни фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда ҳал этиш, шунингдек, уларнинг ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Парламент комиссияси аъзолари ҳамда Жамоат фонди вакилларидан иборат ишчи гуруҳ жорий йилда республиканинг барча ҳудудларида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ўрганди. Ушбу муаммоларни ҳал этишга қаратилган давлат гранти танлови эълон қилингани ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофаза ва соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва санитар-гигиеник ҳолатни яхшилаш, таълим, маданият ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, коррупцияга қарши курашиш каби йўналишларни қамраб олган грант танловига фуқаролик жамияти институтларидан ngo.gov.uz платформаси орқали 850 лойиҳа тақдим этилган.
Таҳлиллар кўрсатганидек, уларнинг 66 фоизи нодавлат нотижорат ташкилотлари, 29 фоизи маҳалла фуқаролар йиғини, 4 фоизи эса оммавий ахборот воситалари улушига тўғри келади. Ишчи гуруҳнинг баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, Парламент комиссияси томонидан 28 танловнинг 166 йўналиши бўйича 172 лойиҳа ғолиб деб топилди.
Шунингдек, мажлисда қатор давлат ташкилотларидан келиб тушган ижтимоий буюртмалар бўйича фуқаролик жамияти институтлари ўртасида танлов ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, ижтимоий ҳимоя, тиббиёт, таълим, маданий мерос, аҳоли муҳофазаси, коррупцияга қарши курашиш, жамоатчилик назорати каби соҳаларда давлат ижтимоий буюртмалари келиб тушган.
Фуқаролик жамияти институтларининг ушбу буюртмалар ижросига қаратилган лойиҳаларини амалга ошириш учун 24 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, қатор нодавлат нотижорат ташкилотларининг мурожаатлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси ва самарадорлиги ҳам кўриб чиқилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА