Сенат: меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўйилмайди
Сенат ялпи мажлисида “Халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова мамлакатимизда камситишнинг олдини олиш, меҳнат муносабатларида тенглик ва адолат тамойилларини таъминлаш ҳамда халқаро меҳнат стандартларини миллий амалиётга изчил жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари қоидаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий база босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда.

Қонун билан Меҳнат кодексига “терисининг ранги” ҳамда “сиёсий қарашлари” каби белгилар меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш сифатида баҳоланадиган ҳолатлар ҳисобланишини, шунингдек, меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда.


Сенаторлар маъқуллаган қонун меҳнат соҳасида барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратиш, ҳар қандай кўринишдаги камситишларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА