СЕНАТ: ҳаётда учраётган муаммоли масалалар ва ечимлар (+видео)
Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси кундалик ҳаётда учраётган муаммоли масалаларга эътибор қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди.
Масалан, болалар боғчаси ёки мактабда болаларни уриш, уларга тазйиқ ўтказиш каби номақбул ҳолатлар учраётгани сир эмас. Гоҳида эҳтиёжманд одамларга ажратилган ижтимоий ёрдамнинг ўз эгасига етиб бормаслиги каби ҳолатлар учраб туради.
Сенатда бу масалаларга эътибор қаратилибгина қолмай, уларга чек қўядиган ижтимоий иш ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга оид қонунлар маъқулланди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева айнан шу масалаларда фикр билдириб, ажратилаётган ижтимоий ёрдам пуллари, айниқса, берилаётган имтиёзлар, хизматлар ўзининг ҳақиқий эгасига етиб бориши шартлигини қайд этиб, бу борада парламент ва депутатлик назорати олиб борилишини таъкидлади.
Болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга оид қонун таълим тизимида бола учун хавфсиз ва соғлом муҳит яратади. Болаларга озор берадиган шахсларнинг педагогик фаолиятига чекловлар киритилди.
[gallery-30347]
Сенат Раиси қайд этганидек, ҳар бир таълим муассасаси раҳбари, ҳар бир педагог, ҳар бир тарбиячи боланинг қадр-қимматига дахл қилиш ҳеч қандай ҳолатда оқланмаслигини чуқур англаб олиши керак.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунида давлат фуқаролик хизмати, фармацевтика соҳаси ҳамда бошқа қатор йўналишларга оид масалалар муҳокама қилинди.
Мажлисда профессионал давлат бошқаруви тизимини яратиш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётгани давлат хизматчилари ишининг натижадорлигини таъминлаш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Прокуратура, ички ишлар, Миллий гвардия ходимлари ва судьялар Президент Администрациясига ишга ўтганда уларнинг аввалги хизмат жойи кадрлар захирасида сақланиб қолиши кафолатланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар самарадорлигини оширади.
Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза эшитилди.Асосий мақсад – халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаш эмас, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, аҳоли фаровонлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборатлиги алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.
Сенаторлар ўз чиқишларида соҳада ҳал этилиши лозим бўлган қатор вазифалар, жумладан, бошқарув сервис компаниялари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш, рақобат муҳитини кучайтириш ва илғор хорижий тажрибани кенг жорий этиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Шу билан Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлиси якунланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/e41TgHQ2bhc" title="SЕNAT: hayotda uchrayotgan muammoli masalalar va yechimlar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
Нишонбой Абдувоитов (видео),
Салим Обиджонов (монтаж), ЎзА