2023 йилнинг апрель ойида умумхалқ референдуми орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинди. Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асослари мустаҳкамланди.
Асосий қонунда муҳрланган устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш юзасидан Олий Мажлис палаталари томонидан ўз фаолиятини тартибга солувчи қонунлар янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда.
Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.
Қонун билан парламент палаталарининг фаолиятидаги параллелликни ва бир-бирини такрорловчи ваколатлар аниқлаштирилмоқда. Сенат аъзолари жами 100 нафардан 65 нафарга қисқартирилмоқда. Бунда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сенатор сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши белгиланмоқда.
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилади. Бунда Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати киритилмоқда. Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилиши, Сенатнинг янги таркиби эса, 1 ой мобайнида шакллантирилиши назарда тутилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат – 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритиши мумкинлиги ҳамда парламент текширувини ўтказиш Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида тузиладиган биргаликдаги махсус комиссияси томонидан ўтказиши белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциянинг нормаларини амалга оширишга, шунингдек, қонунлар қоидаларини Конституцияга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА