Сел ва ёмғир сувларини тўплашга қаратилган ёндашувларнинг аҳамияти нимада?
Дунёда иқлими ўзгариши таъсирида тоғ музликларининг қисқариши, ёғинларнинг нотекис тақсимланиши, қурғоқчилик даврларининг ортиши ҳамда сел-тошқин ҳодисаларининг кўпайиши кузатилмоқда. Шу боис мамлакатимизда сув ресурсларини тежаш, мавжуд сув манбаларидан оқилона фойдаланиш ва сел ҳамда ёмғир сувларини тўплашга қаратилган ёндашувлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбари раислигида сув фонди ерлари ҳамда сел сувларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан яқинда ўтказилган йиғилишда ҳам ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, иқлим ўзгариши туфайли қисқа вақтда кучли ёмғирлар сони ортиб бораётгани, бу эса сел-тошқин хавфини кучайтираётгани таъкидланди. Хусусан, Самарқанд, Жиззах ҳамда Тошкент вилоятининг тоғли ва тоғолди ҳудудларида сел хавфи юқори экани қайд этилди.
Маълум қилинишича, мамлакатимизда сел хавфи мавжуд 60 та йирик сой орқали ҳар йили 690 миллион куб метр сув самарасиз оқиб кетмоқда. Ушбу сувлардан самарали фойдаланиш орқали 13 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш, сув таъминотини яхшилаш ва балиқчиликни ривожлантириш имконияти мавжуд.
Йиғилишда сел сувларини бошқаришда фақат тўғон қуриш билан чекланмасдан, сувни тўплаш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, балиқчилик, туризм ва хизматлар соҳаси билан боғлиқ лойиҳаларни интеграл ёндашув асосида амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.Бундай шароитда мавсумий сел ва ёмғир сувларини йиғиш орқали кичик сув захираларини барпо этиш муҳим ечимлардан бири ҳисобланади.Кичик сув захиралари – асосан тоғ ва тоғ олди ҳудудларида сел, сой ва ёмғир сувларини йиғиш мақсадида ташкил этиладиган сунъий сув ҳавзалари бўлиб, улар суғориш учун қўшимча сув захираси яратади, шу юилан бирга, ичимлик суви таъминотини яхшилайди.
Бундан ташқари, сел хавфини камайтириб, ер ости сувларини тўлдиради ҳамда кичик гидроэнергетикани ривожлантириш имконини беради.Илмий тадқиқотлар натижасида Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон ва Фарғона вилоятларида кичик сув захираларини барпо этиш мумкин бўлган ҳудудлар аниқланган. Жумладан, тадқиқотларда Тошкент вилояти Паркент туманидаги Заркентсойда 4,45 млн. м³ ҳажмли кичик сув ҳавзаси барпо этиш орқали 2500 гектар ерни суғориш имконияти аниқланган. Шунингдек, Оқсоқотасойда 7,63 млн. м³ ҳажмли сув ҳавзаси ташкил қилиш ва 2400 гектар майдонни сув билан таъминлаш имконияти мавжудлиги кўрсатилган.
Шу билан бирга, замонавий GIS ва рақамли геоахборот технологиялари асосида сув йиғиш майдонлари, рельеф ва сел оқимларини таҳлил қилиш орқали янги сув захираларини аниқлаш ишлари самарали амалга оширилмоқда. ArcGIS, QGIS ва Google Earth Pro дастурлари ёрдамида сув омборларининг ҳажми, сув йиғиш имконияти ва хавфсизлик параметрлари баҳоланмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 май куни қабул қилинган "Сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори муҳим аҳамият касб этади.Бугунги кунда глобал иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг камайиши ва аҳоли сонининг ўсиши дунё мамлакатлари олдида сув хавфсизлигини таъминлаш масаласини долзарб вазифага айлантирмоқда. Айниқса, Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон учун сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва янги сув захираларини яратиш стратегик аҳамият касб этмоқда.Хулоса қилиб айтганда, глобал иқлим ўзгариши шароитида кичик сув захираларини яратиш сув тақчиллигини камайтириш, қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлаш, сел хавфини пасайтириш ҳамда экологик барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Абдураҳмонов,
Сув омборлари ва йирик гидротехник иншоотлардан фойдаланиш бўлими етакчи мутахассиси.
ЎзА