МИБ кўмагида 820 нафар алимент тўловчи ишга жойлашди
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси томонидан жорий 2026 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси масъуллари, оммавий ахборот воситалари, матбуот хизматлари вакиллари, блогерлар иштирок этган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳамидулло Масаитов жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар тақдим этди.
– Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бошқармамиз, туман, шаҳар бўлимларимиз томонидан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди, – дейди бошқарма бошлиғи Ҳамидулло Масаитов. – Хусусан, умумий қиймати 5,4 триллион сўмлик ижро ҳужжатлари тугалланди, 260 мингта ижро ҳужжати бўйича амалда 1,8 триллион сўм маблағ ундирилди. Яъни 1,3 триллион сўм давлат, 462 миллиард сўм хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда фуқаролар фойдасига 34 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ундириб берилди.


Шунингдек, солиқ қарзини ундириш билан боғлиқ 19 минг 920 та ижро иши бўйича 1,2 триллион сўм маблағ амалда ундирилган бўлса, давлат даромадига ўтказилган мол-мулклар ижроси билан боғлиқ ижро ишлари бўйича 1,1 миллиард сўм маблағ келиб тушди.
Жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ 35 та ижро иши бўйича 1,4 миллиард сўм, жиноий ва маъмурий жарима ундириш билан боғлиқ 82 мингта ижро иши бўйича 50 миллиард сўм ундирилди. Шу билан бирга, суд қарорлари асосида қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 21 нафар шахс ишга тикланди ва уларга тўланмай қолган 855 миллион сўмлик иш ҳақлари ундириб берилди.

Айни вақтда давлат ижрочиларининг иш юритувидаги ижро ҳужжатларининг 41 мингтаси ёки 8 фоизи алимент масаласига оид ишларни ташкил қилади. Анжуманда алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юзасидан алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида олиб борилган ишлар натижасида 380 та оила яраштирилди.
Ишсиз, алимент тўловчиларни иш билан таъминлаш борасида олиб борилган тадбирлар натижасида 820 нафар алимент тўловчи ишга жойлаштирилди.

Банклар фойдасига ундирувга оид умумий қиймати 1,7 триллион сўмлик 48 мингта ижро ҳужжатидан 486 миллиард сўмлик 17 мингтаси тамомланди. Шундан 10 мингта ҳужжат бўйича 280 миллиард сўм маблағнинг ундирилиши таъминланди.
Шунингдек, банклар фойдасига чиқарилган 667 та ижро ҳужжати доирасида қиймати 29,4 миллиард сўм бўлган мол-мулк электрон онлайн-аукционга қўйилди.
Йиғилишда коммунал хизматлар – газ, электр энергияси, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти корхоналари, шунингдек, бошқарув сервис компаниялари манфаатига ундирувлар билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Масъуллар томонидан табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти соҳаларида ижроси таъминланган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳисобот даврида Бюронинг вилоят бошқармаси ҳамда туман ва шаҳар бўлимларига жами 6 минг 419 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 5 минг 338 таси, яъни 83 фоизи ижобий ҳал этилган.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари МИБ фаолияти билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олди.
Анжуман якунида мажбурий ижро бюроси тизимида амалга оширилаётган ишлар, соҳа ходимлари фаолиятини ёритишдаги самарали ҳамкорлиги учун бир гуруҳ журналист ҳамда блогерлар МИБ вилоят бошқармасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари