Сектор раҳбарлари хориждаги ёшлар билан онлайн мулоқот қилди
Сурхондарё вилояти Шўрчи туман ҳокими Акбарали Ишмурзоев ва сектор раҳбарлари хорижда ишлаётган ва ўқиётган ёшлар билан онлайн суҳбатлашди.
Унда Англия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб амирликлари, Россия Федерацияси ҳамда бошқа давлатларда ишлаётган ва ўқиётган ёшлар вакиллари иштирок этди.

Маълумотларга кўра, айни пайтда сайёрамизнинг турли мамлакатларида уч мингдан ортиқ шўрчилик ёш ўқиш ва ишлаш истагида хорижда яшамоқда.

Учрашувда сектор раҳбарлари уларни Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади. Мамлакатимиз, хусусан, Шўрчи туманида юз бераётган янгилик ва ўзгаришлар билан таништирди. Дунёда глобаллашув жараёнлари шиддат билан кечаётган ҳозирги пайтда турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликни сўраб, иш ва ўқишларига омад тилади.

Мулоқот чоғида туман ҳокими ёшларнинг муаммо ва таклифларини ҳам тинглади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири