Сайёр суд: Пробациядагиларга имконият ёки жазони кучайтириш(+видео)
Сайёр судлар пробациядагилар учун ҳал қилувчи лаҳзадир. Баъзилар озодликка қадам қўйса, бошқалар берилган имкониятни бой бериб, жазоси оғирлашганини кўради. Бу қарорлар ортида нима бор?
Бугунги кунда жойларда ўтказилаётган сайёр судларда қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган шахслар озодликка, аксинча, берилган имкониятлардан тўғри хулоса чиқармай, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузганлари яна озодликдан маҳрум этилиб, жазоси оғирлаштирилмоқда. Зеро, инсон тақдири ўз қўлида, келажаги қандай бўлишини ўзи ҳал қилади.
Жумладан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида 879 нафар фуқаро пробация назоратида туради. Уларга қилмишидан тўғри хулоса чиқариб, тузалиш йўлига ўтишига етарлича имконият берилади. Шу билан бирга улар орасида жамиятда юриш-туриш қоидалари бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилади.
Айниқса, ҳудудий жиноят ишлари бўйича судлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган “сайёр суд” ва “сайёр қабул”лар пробация назоратидаги шахсларга давлатимизнинг адолатли сиёсати, кечиримлилик принциплари, улар дуч келаётган муаммоларни биргаликда ҳал қилиш мумкинлигини яққол кўрсатиб берди. Галдаги сайёр суд мажлисида 50 нафар пробациядаги шахслар орасидан 13 нафари тузалиш йўлига ўтганлиги, белгиланган тақиқ ва мажбуриятларни виждонан бажариб келаётгани учун жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилишга тавсия қилинди. Чилонзор тумани суди судьяси ҳар бир тузалиш йўлига ўтган фуқаронинг хатти-ҳаракатини чуқур ўрганди ва ўз қарорини эълон қилди.
Ўз навбатида жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётган, пробация қоидаларига риоя этмаётган 5 нафар шахсларнинг ўталмай қолган жазо муддатини оғирроқ жазо тури билан алмаштириш чоралари кўрилди.
Сайёр суд жараёнида адвокатлар, ИИВ пробация бошқармаси ва ИИББ пробация хизмати раҳбарлари, туман прокурорининг сўзлари эшитилди. Пробация назоратидаги шахсларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг муаммолари тингланди. Баъзи масалалар шу ернинг ўзида ечим топган бўлса, муддат талаб қиладиган муаммолар бўйича масъулларга топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, тумандаги пробация назоратига олинган шахсларга қонунларни ҳурмат қилиш, жамиятда юриш-туриш қоидаларига итоат қилиш, инсонийлик принциплари ва муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўллари тушунтирилди.
Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Искандар Исматов, ЎзА