Хатирчи туманида Навоий вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов ва вилоят маъмурий суди раиси Акмал Муродов иштирокида фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаатлари юзасидан аҳолига ҳуқуқий тушунтиришлар бериш мақсадида “Сайёр қабул” ташкил этилди.
Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, оилавий масалалар, алимент ундириш, суд томонидан тайинланган давлат божи миқдорини камайтириш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кўрилаётган ишлар юзасидан бўлди.
Қабул жараёнида 21 нафар фуқаронинг мурожаати атрофлича ўрганилди. Шундан 11 нафарига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 3 нафар фуқаронинг аризаси юқори инстанция судида қайта кўриш учун қабул қилинди.
Шунингдек, ўзига нисбатан тайинланган жазони белгиланган қисмини ўтаган, ўрнатилган тартиб қоида талабларини бажарган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган 7 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси ЖК 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилди.
Бу каби ташкил этилаётган қабуллар аҳолига ҳуқуқий тушунтириш бериш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган.
Судяларнинг туманларда “Сайёр қабули” давом этмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА