Навоий вилояти суди раиси Ҳамидулла Қудратов ва вилоят маъмурий суди раиси Акмал Муродов томонидан Қизилтепа ва Нурота туманларида фуқароларнинг ҳар бир мурожаатини тегишли тартибда кўриб чиқиб, уларга ечим топиш, муаммолар ечими баробарида аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, жойлардаги реал вазиятдан хабардор бўлиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди.
Қизилтепа туманида бўлиб ўтган қабулда жами 92 та мурожаат тингланди. Шундан 60 та мурожаат ижобий ҳал этилган бўлса, 32 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Жумладан, 11 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилинди, 5 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроғи билан алмаштирилиб, жазони ижро этиш калониясидан озодликка чиқарилди, 25 нафар маҳкум умумий тартибли колониядан манзил колонияга ўтказилди. 17 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси бекор қилинди. 2 нафар фуқаронинг судга даъво аризаси билан мурожаат қилишда давлат божидан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилди.
Мурожаати ҳал бўлган 37 нафар маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий суд раиси номига ташаккурнома билдирди. Шубҳасиз, сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини ечишда муҳим восита ҳисобланади.
Нурота туманидаги Халқ қабулхонасида бўлиб ўтган сайёр қабулда фуқароларнинг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди. Мурожаатда кўрсатилган муаммолар ечими юзасидан қонун талаби асосида ҳал қилиниши учун 8 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилди. Бундан ташқари, суд томонидан тайинланган жазодан ўзига тўғри хулоса чиқарган, жазони ўташ даврида бирор марта ножўя ҳатти-ҳаракатлар содир қилмаган 6 нафар фуқарони ўталмаган жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисидаги илтимосномалари қаноатлантирилди.
Навоий вилоят суди раиси Ҳ.Қудратов тумандаги дорихона сотувчилари билан учрашиб, ноқонуний дорилар савдоси, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дориларни сотиш қонунга хилоф эканлиги, шунингдек, бу борадаги жавобгарлик масалалари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берди.

Қабуллар сўнггида судьялар томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида эндиликда судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилиши режалаштирилаётганлиги, унинг қулайлик ва афзалликлари, қабул қилинган барча аризалар судга тааллуқлилиги бўйича йўналтирилиши борасида маълумот берилди.
Абдували Бўриев, ЎзА