Сайёр қабул одамларнинг бугунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилади
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Андижон вилояти кенгаши биносида Кадастр агентлиги директори вазифасини бажарувчи Садриддин Турдиев бошчилигида сайёр қабул ўтказилди.
Фуқаролар ва тадбиркорларнинг кадастр соҳасига оид мурожаатларини бевосита тинглаш, уларга ҳуқуқий тушунтириш бериш ҳамда мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида ташкил этилган ва қарийб ўн соат давом этган сайёр қабул жараёнида вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 400 нафардан ортиқ фуқаро ва тадбиркорларнинг мурожаати эшитилди.
Сайёр қабулнинг ўзига хос аҳамияти шунда бўлдики, мурожаатлар шунчаки қабул қилиш билан чекланиб қолингани йўқ. Балки ҳар бир мурожаат алоҳида ўрганилиб, қонуний ҳал етиш имкониятлари кўриб чиқилди, ваколат доирасида ҳал этилиши мумкин бўлган мурожаатлар шу ернинг ўзида ижобий ечимини топди.
– Сайёр қабулда кадастр рақами билан боғлиқ муаммоли масала юзасидан мурожаат қилган эдим, – дейди “Андижон олтин илдизи” фермер хўжалиги раҳбари Иброҳимжон Умархўжаев. – Мурожаатим кўриб чиқилиб, ижобий ечим топди.
[gallery-31723]
Тадбиркорлар томонидан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва бошқа масалалар юзасидан қилинган мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Бу, албатта, тадбиркорларнинг ортиқча вақт сарфлаши, оворагарчиликни камайтириш, уларнинг қонуний фаолиятини таъминлаш ҳамда кадастр хизматларидан фойдаланиш жараёнида юзага келаётган масалаларни тезкор ҳал этишга хизмат қилди.
– Бир неча йил аввал сафарда эканлигимдан мен яшаётган хонадон қариндошим томонидан қалбаки ҳужжатлар билан туман ҳокимининг қарори асосида аукцион савдода сотиб юборилган, – дейди Андижон туманидаги Отчопар маҳалласида яшовчи Баҳодир Мирзаев. – Аукционга тақдим этилган ҳужжатларнинг қалбаки эканлиги ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аниқланиб, тегишли хулоса берилди. Лекин хонадоннинг кадастр ҳужжатларини қайта расмийлаштиришда муаммолар юзага келмоқда. Қабулда ана шу муаммоларни ҳал этишга ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилдим. Кадастр агентлиги раҳбари масалани қонуний ўрганиб, ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқ берди. Ишонаманки, мени бир неча йилдан буён қийнаб келаётган муаммо бартараф этилади.
Фуқароларнинг қатор мурожаатлари сайёр қабулнинг ўзидаёқ ҳал этилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалаларга масъуллар бириктирилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Кадастр агентлиги томонидан фуқаро ва тадбиркорлар билан бу каби очиқ мулоқот ҳамда сайёр қабуллар ўтказилиши белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни жойида ўрганиш, ҳал этишдан иборат.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.