Сайёр қабул: мурожаатдан амалий натижага
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида сайёр қабул ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Отемисов, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси С.Турманов, Шуманай тумани ҳокими А.Аметов, партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда 200 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этиб, 80 га яқин мурожаат кўриб чиқилди. Қабулда асосан бандлик, коммунал хизматлар, уй-жой, ижтимоий ҳимоя, солиқ ва кадастр масалалари кўтарилди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида ўрганилиб, улар бўйича тегишли чоралар белгиланди.

Қабул жараёнида ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сайёр қабул олдидан ишсиз ёшларга ўзини ўзи банд қилиш, имтиёзли кредитлар орқали зарур меҳнат қуролларини харид қилиш имкониятлари тушунтирилиб, “Бизнесга қадам” тамойили асосида тарғибот ишлари олиб борилди. Бунинг амалий натижаси сифатида қабул давомида 3 нафар ёшга имтиёзли кредит ажратилди, 4 нафар ёшнинг эса бандлиги таъминланди. Улар орасида “Мамий” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Раъно Турганбаева ҳам бор.
Мактабни яқинда тамомлаган Раъно туман техникумида тикувчилик касбини эгаллаган. Энди у ўз касби бўйича ишлаш учун 10 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, тикув машинаси харид қилади. Бу орқали маҳалладаги буюртмаларни бажариб, ўзини ўзи банд қилиши ва даромад топиши мумкин.

Яна бир мурожаат эгаси Дилшодбек Жуманиязов эса сайёр қабулнинг ўзида ишга жойлашиш учун йўлланма олди. У туман Фермерлар кенгашида ҳисобчи лавозимида иш бошлайди.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам бир қатор натижалар қайд этилди. Қабул давомида билдирилган мурожаат бўйича 5 нафар ёлғиз кекса ва боқувчисини йўқотган фуқаро тадбиркорлар томонидан оталиққа олинди. 3 нафар фуқарога даволаниш учун тиббиёт санаторияларига бепул йўлланма берилди. Бешта оилага уй-рўзғор анжомлари, ускуналар, озиқ-овқат ва дори-дармон кўринишида ёрдам кўрсатилди.

Тадбиркорлар ҳам сайёр қабулда фаол иштирок этиб, ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш қилди. Тадбиркорлар томонидан ташкил этилган кўргазма орқали аҳолига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ва даромадли меҳнат билан шуғулланиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Тадбир якунида 20-август – Тадбиркорлар куни муносабати билан тумандаги бир қатор ижтимоий фаол тадбиркорларга байрам совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири