Яқинда Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси раиси Моҳир Валиев Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида фуқаро ва тадбиркорлар учун сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабул аввалида М.Валиев соҳага оид қонунчиликдаги ўзгаришлар ва фуқароларга яратилаётган шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Унинг қайд этганидек, кейинги беш йилда давлатимиз раҳбари томонидан берилган катта эътибор туфайли кадастр тизими янгича ишловчи соҳага айланди. Бошқарув тизими такомиллашиб, унинг қонуний асослари мустаҳкамланаётир.
– Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Кадастр агентлиги томонидан соҳага оид 36 та меъёрий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди. Уларда 7 таси қонун, 3 таси Президент фармони ва қарори ҳамда 26 таси Вазирлар Маҳкамаси қарорларидир. Улардан 2 та қонун Олий Мажлис томонидан қабул қилинди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 7 та қарорлари имзоланди. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг биргина янги тасдиқланган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги “Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори кадастр соҳасида катта ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Бу қарор билан фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан уларга доимий фойдаланиш, ижара ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини сотиб олиш, шунингдек, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш йўли билан амалга оширилиши белгиланди, – деди М.Валиев.
Сайёр қабулда ҳар бир мурожаатчининг кадастрга оид саволлари ва муаммоларини ўрганишга катта эътибор қаратилди. Унда фуқаролардан келиб тушган ҳар бир мурожаат ўз вақтида ҳал этиш чоралари кўрилди.
– М.Валиевнинг сайёр қабулида қатнашиб, учта хона қурилиши учун ер майдонини аукционга қўйилишини сўраган эдим, – деди Музработ туманидаги Дўстлик маҳалласида яшовчи Шерзод Аллабердиев. – Мурожаатимни инобатга олиниб, тез орада "E-AUKSION" электрон савдо платформасига қўйилишига ишонч билдирилди. Мен бундан хурсандман.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА