Арнасойда Кадастр агенлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармалари туман фуқаролари билан ишлашнинг янгича тизими асосида сайёр қабул ўтказди.
Жорий йилнинг 23 июль куни, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз, “Вазирлик ва идоралар ўз йўналишида энг кўп келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиб, уларга аниқ ечимлар топиши шарт” эканини алоҳида таъкидлаб ўтган эди.
Ҳар иккала бошқарма раҳбар ва ходимлари томонидан мурожаатларни қайта кўриб чиқиш орқали уларнинг ижобий ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратилди. Аёлларнинг мурожаатларига ечим топиш алоҳида назоратда.
Бугун деярли барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилиб, жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда.
Халқ билан учрашиб, жойларга чиқиб уларнинг дардига қулоқ тутиш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш бугунги ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифасига айланди.
Кадастр агенлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Ш.Қуқанбоев ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Н.Сидиқов Арнасой тумани ҳамда унга яқин бўлган Дўстлик туманининг қўшни қишлоқ фуқаролари билан ишлашнинг янгича тизимига асосланган ҳолда сайёр қабул ўтказди.
Фуқароларнинг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди. Унда 35 нафар фуқаро томонидан ҳал этилиши керак бўлган муаммолар тингланди. Ушбу мурожаатларнинг 15 таси шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Ижроси вақт талаб этган муаммолар юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар белгиланиб, ижроси юзасидан муддат белгиланди ва қатъий назоратга олинди.
– Мурожаатимизга ижобий ечим умид қилиб келамиз, – дейди Арнасой туманида истиқомат қилувчи Фотима Азизова. – Тўғриси, ушбу сайёр қабулга келишимдан олдин, ҳар галгидек, ёзиб олишади, “Ҳал қиламиз”, деб шу бўйи қолиб кетади, деб ўйлаган эдим. Нотўғри ўйлаган эканман. Бир неча йиллардан бери мурожаат қилишимга қарамай уйимнинг кадастр ҳужжатлари ҳал этиб берилмаётган эди. Бу гал сайёр қабул якунигача ҳужжатларни қўлимга тутқазишди.
Дарҳақиқат, халқ билан мулоқот, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш энг асосий мақсад. Зеро, унинг рўёби юртимиз равнақига, унинг янада гуллаб-яшнашига, фуқароларнинг тинч, осуда, фаровон ҳаёт кечиришларига ва эртанги кунга ишонишига хизмат қилади.
[gallery-3293]
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА