2021 йил 24 октябрда ўтказилиши режалаштирилган Президентлик сайловлари олдидан аҳолининг сиёсий жараёнлардаги фаоллигини ошириш мақсадида жойларда ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.
Ана шундай семинар машғулотлари “Ёшлар-келажагимиз” жамғармаси Нурота туман бўлимида маҳаллаларнинг энг фаол хотин-қизлари ва бир гуруҳ ёшлар иштирокида бўлиб ўтди.
Семинар "Бошланғич партия ташкилотлари билан ҳудудий сайловолди штаблари ўзаро ҳамкорлиги” мавзусига бағишланиб, унда ЎзЛиДеП Навоий вилояти Кенгаши аппарат раҳбари М.Эшниёзов сайлов жараёнлари, сайлов календари ва сайловчининг ҳақ-ҳуқуқларию, бурч-масъулиятлари ҳақида маъруза қилди.
Шунингдек, Кенгашнинг аёллар билан ишлаш бўлими раҳбари Ш.Шокирова сўзга чиқиб, хотин-қизларнинг жамият бошқарувига уйғоқлик назари билан қараши айни давр учун нечоғли муҳим эканлигини тушунтириб ўтди.
Тадбир иштирокчилари сайловга оид ўзларини қизиқтирган саволлар билан ташкилотчиларга очиқдан-очиқ мурожаат қилиб, Президентликка номзод ким томонидан ва қачон эълон қилиниши, сайловчи номзодларнинг беш йиллик дастурлари билан қандай танишиши мумкинлигидан тортиб, хорижий кузатувчиларнинг моддий таъминоти ким томонидан таъминланишигача қизиқиш билдиришди.

- Одамларда йилдан-йилга мамлакатимизнинг сиёсий ҳаётига қизиқиш ривожланиб бормоқда. Бугунги сайловчи кечаги эмас. Ёшлар ҳам, катталар ҳам давлат бошқарувига муносиб раҳбар қўйилиши тарафдоридир.
Аммо демократияни нотўғри тушуниб, халқни чалғитаётган ёт ғоялилар ҳам йўқ эмас. Аҳоли орасида бундай семинарларнинг ташкил этилиши халққа сайлов жараёнларида иштирок этиш этикасини ўргатади,--деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар Парламенти аъзоси Ж.Хайруллаев.
Дарҳақиқат, сайлов жараёнларида иштирок этиш этикаси сайловчи билиши зарур бўлган яна бир муҳим жиҳатлардан биридир. Шу маънода Президентлик сайловининг очиқ-ошкоралик билан бир қаторда чиройли ўтишини таъминлаш сиёсий партияларнинг ўз олдига қўйган вазифаси бўлиб қолади.
М.Пирнафасова,
ЎзЛиДеП Навоий вилояти матбуот котиби