Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фракция йиғилишларида, шунингдек, бўлиб ўтган набатдаги ялпи мажлисида "Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтди.
Қонун лойиҳаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган.
Бугунги кунда миллий сайлов қонунчилигимизни такомиллаштириш, уни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштириш, мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янги босқичга кўтариш, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилаш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш зарурати мавжуд.
Қонун лойиҳасида қуйидаги асосий масалалар назарда тутилади:
– халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда;
– хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда;
– сайлов комиссиялари аъзоларига ҳақ тўлаб бериш, компенсация тўлаш ҳамда иш ҳақини ҳисоблашнинг аниқ тартиби ўрнатилмоқда;
– "Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонун Сайлов кодекси билан мувофиқлаштирилиб, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби белгиланмоқда;
– сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда;
– сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда;
– сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.
Сайловларнинг декабрь ойида ўтказилиши:
– сайловлардан кейинги сиёсий тадбирлар (парламент биринчи мажлисини ўтказиш, Ҳукуматни шакллантириш, давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси) янги йилнинг биринчи чораги охирига қадар чўзилишига олиб келиб, натижада Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотлар кечиктирилишига сабаб бўлади;
– қатор хорижий давлатларнинг байрамлари арафасига (масалан, рождество 25 декабрь) тўғри келиши сабабли жаҳон миқёсида обрўга эга бўлган халқаро кузатувчиларнинг сайловда иштирокини таъминлашда муайян қийинчиликларни вужудга келтиради;
– декабрь ойи қиш мавсумига тўғри келиши сабабли сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш ва унда сайловчиларни жалб этишда қатор ноқулайликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.
Шунинг учун ҳам қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланмоқда.
А. Тулегенова,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси