Сайловчини қуруқ ваъда, ҳисоботлар билан ишонтириб бўлмайди
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг навбатдаги III Пленуми бўлиб ўтди.
Унда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аъзолари, партиянинг шаҳар ва туман Кенгашлари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутат гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Пленумда партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда Жўқорғи Кенгесдаги партия фракциясининг иш-режасини тасдиқлаш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошланғич партия ташкилотлари сони 725 та, партия аъзолари сони эса 51 минг 962 нафарга етди. Партиянинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича ўтган йилда 700 га яқин лойиҳа, акция, семинар ва тадбир ўтказилиб, уларда 32 минг нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди.

Хусусан, партия вакиллари томонидан “Уйма-уй”, “Хизмат – беминнат”, “Тоза ликопча”, “Сиёсатчи аёллар клуби” ва яна бошқа сайловолди дастур асосида тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўтган ҳисобот даврида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси ва маҳаллий Кенгашларидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан жами 239 та депутатлик сўрови амалга оширилди. Партия депутатлик гуруҳлари томонидан 22 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди. Доимий комиссия мажлисларига 45 та масала, маҳаллий Кенгашлар сессияларига 10 та ташаббус олиб чиқилди.

Ўтган йил давомида партия Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман Кенгашларига фуқаролар томонидан жами 116 та мурожаат келиб тушган. Шундан 45 та мурожаат ўз вақтида ижобий ҳал этилиб, 39 та мурожаат бўйича тегишли идора ва ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови юборилган. Қолган 32 масала бўйича тушунча берилган.
Уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш мақсадида маҳаллаларда кам таъминланган оилалар фарзандлари, вақтинча ишсиз хотин-қизларга қўшимча бепул касб-ҳунарга ўргатиш учун “Хизмат – беминнат” лойиҳаси доирасида ўтган йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 69 та бепул ўқув курси ташкил қилинди. Ўқув курсларида 230 нафар ёш ва хотин-қизга қўшимча бепул таълим ва касб ҳунар ўргатилди.

Албатта, ютуқлар билан бир қаторда депутатлар ўз ваколатларидан самарали фойдаланган ҳолда ташаббускорликни янада ошириши лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Мухтасар айтганда, партия гуруҳлари фаоллиги партия дастурий мақсадларини самарали амалга оширишга, электорат манфаатларини ҳимоялашга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади. Зеро, бугунги сайловчини қуруқ ваъдалар, ҳисоботлар билан ишонтириб бўлмайди. Сиёсий дунёқараши, тафаккури тобора юксалиб бораётган аҳоли халқ вакилларидан аниқ ишлар, ташаббуслар кутади. Бу эса депутатлик мақомига сазовор ҳар қандай киши зиммасига катта масъулият юклаши шубҳасиз.
Пленум якунида партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг 2026 йил учун иш-режаси ва устувор вазифаларни бажариш бўйича муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.