Бугун, 24 октябрь куни эрта тонгдан юрт тақдири, ўз келажагига бефарқ бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари сайловда ўзлари муносиб, деб билган номзод учун овоз беришга киришди.
Сергели тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмал Жумабоев ҳам сайловда иштирок этди ва юртдошларимизни сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмасликка чорлади.
- Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар бир фуқаронинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги кафолатланган.
Фикримча, ҳар бир инсон ўзи яшаётган жамият ҳаёти, оиласининг эртанги куни ҳамда давлат келажаги учун сайловда овоз бериши лозим. Халқни яхлит жамият қилувчи, жамият аъзоларини муҳим қарорларни қабул қилиш йўлида бирлаштирувчи ва фуқароларнинг сиёсий хоҳиш-истакларини ифодаловчи жараён – шубҳасиз сайловдир. Шунинг учун, бугун эрта тонгдан ўзимнинг фуқаролик позициямга таяниб, конституцион ҳуқуқимдан фойдаландим. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб, ўзим муносиб деб топган номзодга овоз бердим.
Бу орқали мамлакатнинг кейинги беш йиллик стратегиясини белгилашда дахлдорликни ҳис этиб, яқин келажакда амалга ошириладиган ислоҳотларда билвосита иштирок этаётганимни ҳис қилдим.
Сайловнинг энг муҳим қисми – иштирок. Шундай экан, барчангизни мамлакатимизнинг энг муҳим сиёсий жараёнида иштирок этишга чорлайман.
ЎзА мухбири Д. Маматова ёзиб олди.