Мамлакатимизда бўлиб ўтиши кутилаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик жараёнлари қизғин паллага кирди.
Бугун, 27 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сайлов қонунчилиги тарғиботи борасида адлия органлари томонидан амалга оширилган ишлари ҳақидаги ахбороти, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш, сайлов округлари ва участкаларини интернет ва алоқа воситалари билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлари ҳақидаги ахбороти, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг кузатувчиларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда сайлов кампанияси давомида келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари натижаларига бағишланган масалалар кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, сайловларни Конституция ва қонунларимиз, умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ва уларга тўла риоя қилган ҳолда ўтказиш кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг сайлов қонунчилиги бўйича ҳуқуқий саводхонлигига боғлиқ. Шу маънода сайлов жараёнларида ҳар бир сайловчининг шахсан ўзи иштирок этиши орқали ўз сиёсий иродасини намоён қилишини тарғиб қилиш, сайловчиларнинг сайлов қонунчилиги бўйича ҳуқуқий билимларини юксалтириш муҳим вазифалардан биридир.
Бу борада адлия органлари томонидан “Менинг танловим – обод ватаним” шиори остида аҳолининг сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов бу ҳақда ахборот берар экан, фуқароларнинг электорал маданиятини ошириш бўйича медиа-режа тасдиқлангани ва шу асосида тизимли ишлар олиб борилаётганини қайд этди. Жойларда ташкил қилинадиган тадбирларда фойдаланиш учун ҳуқуқий тарғибот материаллари тўплами (тақдимот, инфографика, буклет, видеороликлар) тайёрланиб манзилли етказилган.
[gallery-19484]
Шунингдек, 20 мингдан ортиқ манзилли учрашувлар, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилган. Ижтимоий тармоқдаги “Huquqiy axborot” каналида 3 500 дан ортиқ маълумотлар 80 мингдан ортиқ обуначига таништирилган. 175 мингдан ортиқ аҳоли хонадонига уйма-уй кирилиб, тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилган.
Мажлисда Рақамли технологиялар вазирлигининг Марказий сайлов комиссиясининг таклифлари асосида “E-SAYLOV” тизимини кенг жорий этиш, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) ҳамда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини (СЯЭР) такомиллаштириш юзасидан амалга оширилган ишларга доир ахбороти тингланди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда 14 та ҳудуд, 208 та шаҳар ва туманларда Ички ишлар вазирлиги ва Кадастр агентлиги билан биргаликда СЯЭРни долзарблаштириш бўйича хатлов ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда СЖБАТ ва СЯЭРдан фойдаланиш бўйича 22 мингдан зиёд операторларни ва “E-SAYLOV” тизимининг 2 минг 428 нафар фойдаланувчиларини ўқитиш ишларини амалга оширган.
Бундан ташқари, сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сайлов участкасини аниқлаш хизмати ишга туширилган. СЖБАТ ва “E-SAYLOV” тизимларини техник қўллаб-қувватлаш учун 1209 қисқа рақам ажратилиб, Call-марказ фаолияти йўлга қўйилган.
Мажлисда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимиздаги бўлажак сайловлар халқаро ҳамжамият томонидан катта қизиқиш билан кузатиб борилади. Хорижий кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш бўйича аризалар Марказий сайлов комиссиясига “E-Saylov” ахборот тизими орқали келиб тушмоқда. Мажлис қарори билан айрим халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг вакиллари хорижий кузатувчилар сифатида аккредитациядан ўтказилди.
Шунингдек, мажлисда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар таҳлилий кўриб чиқилди. Марказий сайлов комиссиясига 2024 йил 26 июль – 23 сентябрь ҳолатига кўра, 64 та мурожаат келиб тушган ва барча мурожаатларга комиссия аъзолари ва Котибиятнинг тегишли бўлимлари томонидан қонунчилик ҳужжатларига асосланган ҳолда, ўз вақтида жавоблар юборилган.
Мажлисда сайловга тайёргарлик ишларини календарь режада белгиланган муддатларда бажариш лозимлиги қайд этилиб, кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА