Сайлаш ва танлаш ҳуқуқи – сизнинг қўлингизда
Мамлакатимиз ҳаётига дахлдор муҳим сиёсий жараён арафасида турли лойиҳалар бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари янада жадал тус олмоқда.
Бундай тадбирлар кенг жамоатчилик фаоллиги ва уларнинг ҳуқуқий кўникмаларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада Навоий кон-металлургия комбинати томонидан ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Куни кеча “НКМК тарихи” музейида “Сайлаш ва танлаш ҳуқуқи – сизнинг қўлингизда!” мавзусида навбатдаги тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Унда комбинат фаол ёшлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Ш.Жўраев, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссияси аъзоси Х.Раупов, округ сайлов комиссияси матбуот маркази раҳбари Т.Эшбоевлар тадбирда чиқиш қилиб, сиёсий жараённинг бориши, сайлов қонунчилиги, сайлов ва сайлаш ҳуқуқи бўйича тушунтиришлар берди.

– Бугунги кунда комбинатимизда 15 мингдан ортиқ ёш сайловчилар фаолият юритмоқда. Ҳаётимиздаги энг муҳим сиёсий жараёнлардан бири бўлган сайловда ёшларни фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва фуқаролик бурчи эканлигини тушунтириш мақсадида комбинат бўлинмаларида округ ва участкалар билан ҳамкорликда кенг кўламли тарғибот тадбирларини бошлаб юборганмиз. Бугунги тадбир ҳам уларнинг узвий давомидир. Ёшлар ичида илк бор сайловда иштирок этиш ва сайлаш ҳуқуқига эга бўлган 1-гидрометаллургия заводи ёшлари ҳам иштирок этди. Ўйлайманки, улар ушбу жараён билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олди, – дейди НКМК ёшлар етакчилари Кенгаши раиси С.Ражабов.
НКМК Матбуот маркази
ЎзА