“Саховат” уйида Наврўз шодиёналари
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида жойлашган, 1993 йилда ташкил этилган кичик ҳажмдаги “Саховат” уйи бугунги кунда эзгулик ва меҳр-оқибат масканига айланган. Ушбу муассаса Ўзбекистонда давлат томонидан молиялаштирилмайдиган ягона хусусий саховат уйларидан бири сифатида аҳамиятлидир.
“Саховат” уйи Саодат Ҳамидова ташаббуси билан унинг шахсий маблағлари, ҳомийлар кўмаги ва фарзандлари иштирокида бошқариб келинмоқда. Шу кунга қадар бу ерда 150 нафардан ортиқ якка ёлғиз ва бошпанасиз фуқаролар паноҳ топган бўлиб, турли миллат вакиллари бир оиладек аҳил яшаб келмоқда.

Ҳозирги кунда ушбу масканда 20 нафар якка ёлғиз, ногиронлиги бўлган фуқаролар доимий яшаб келмоқда. Улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, меҳр ва эътибор кўрсатиш устувор вазифа этиб белгиланган.

Яқинда мазкур саховат уйида Наврўз – янгиланиш ва яшариш байрами кўтаринки руҳда нишонланди. Тадбир Қамаши тумани фольклор ансамбли, ногиронлар жамияти ва ҳомийлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Байрам доирасида икки нафар онахоннинг шукрона кунлари ҳам нишонланиб, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Тадбирда куй-қўшиқлар янграб, иштирокчиларга байрамона кайфият улашилди. Мутахассислар таъкидлашича, бундай хайрли ташаббуслар жамиятда меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Эътиборли жиҳати шундаки, Саодат Ҳамидова бошчилигида олиб борилаётган бу эзгу ишлар нафақат эҳтиёжманд инсонларга паноҳ, балки уларнинг ҳаётга бўлган ишончини тиклашга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири