Саудия: муҳокама мавзуси - кескинлик ва хавфсизлик
Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад бин Салмон ва Россия Президенти Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида минтақадаги ҳарбий вазият ва кескинликнинг оқибати атрофлича муҳокама қилинди. РФ етакчиси Саудиянинг суверенитети ва ҳудудий хавфсизлиги қўллаб-қувватланишини билдирди. Томонлар сув йўли хавфсизлиги ва жаҳон иқтисодиётига таъсир масаласига ҳам тўхталди.
ЎзА ҳамкори SPA агентлиги ёзишича, учрашувда Форс кўрфазидаги вазиятнинг халқаро савдога дахли алоҳида кўриб чиқилди. Денгиз орқали нефть ва газ ташишдаги хавф жаҳон иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро миқёсдаги бошқа мавзулар бўйича ҳам фикр алмашди. Ушбу мулоқот ҳозирги геосиёсий вазиятда муҳим дипломатик қадам сифатида баҳоланмоқда.
Шу кунларда қатор ислом давлатлари, жумладан Саудия Исроил қабул қилган, Ғарбий соҳилда фаластинликларга нисбатан ўлим жазоси қўлланишига имкон берадиган янги қонунни кескин қораламоқда. Кўп мамлакатлар айни ёндашув одамларни камситувчи, шу билан бирга вазиятни янада кескинлаштирувчи қадам эканини таъкидлаган. Бундай қарорлар минтақа барқарорлигига жиддий таҳдид солишига урғу берилган.
Баёнотда фаластинлик маҳбуслар ҳолати алоҳида қайд этилиб, қамоқхоналардаги қийноқ, инсон ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар ҳамда юзага келган оғир шароитдан кучли хавотир билдирилган. Халқаро ҳамжамият вазиятга аралашиш ва жавобгарликни таъминлашга чақирилган. Барча томонлар кескинликни юмшатишга даъват этилиб, дипломатик ечимга қайтиш зарурлиги яна бир бор тасдиқланган.
Мусулмон Зиё, ЎзА