Саудия Арабистони “SPA” ахборот агентлиги Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясига (COP29) аъзо давлатлар конференцияси мавзусига мурожаат қилиб, Подшоҳликнинг “ACWA Power” компанияси Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон билан қайта тикланадиган энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида ҳамкорлик дастури ҳамда бир қатор битим ва меморандумлар имзолаганини ёритди.
Мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия иқтисодий мақсад эмас, балки келажакка қўшилаётган ҳисса, келгуси авлодлар олдидаги масъулият туйғусининг натижаси эканини таъкидлаганига урғу берилган.
Ташаббуснинг экологик аҳамияти алоҳида қайд этилган. Шунингдек, энергия инфратузилмаси самарадорлигини ошириш ва лойиҳаларни иштирокчи мамлакатлар миллий тармоғига интеграциялашувини кучайтириш мақсадида умумий фаолиятни баҳолаш бўйича стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилган.
Томонлар экспертлар ва мутахассислар ўртасида ўзаро билим ва малака ошириш, ихтисослаштирилган конференция ва семинарлар ташкил этиш, шунингдек шериклик кўламини кенгайтириш учун қўшма ишчи сессиялар ўтказишни назарда тутувчи ахборот ва тажриба алмашиш механизмини қабул қилишга келишиб олган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА