Сарвар Исмоилов - Осиё чемпиони
Ўзбекистонлик енгил атлетикачилар Осиё чемпионатида олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлди.
Жанубий Кореянинг Мокпо шаҳрида енгил атлетиканинг улоқтириш турлари бўйича IV Осиё чемпионати давом этмоқда. Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари муваффақиятли иштирок этиб, айни дамда 1 тадан олтин ва кумуш медалга сазовор бўлди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, эркаклар ўртасида найза улоқтириш баҳсларида ҳамюртимиз Сарвар Исмоилов финал босқичида 77,39 метр натижа қайд этиб, барча рақибларини ортда қолдирди ва мусобақа ғолиби бўлди.
Шунингдек, эркаклар ўртасида босқон улоқтириш дастурида яна бир вакилимиз Аюбхон Фаёзов 71,33 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди.
Мазкур натижалар юртимизда енгил атлетика, хусусан улоқтириш турлари бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бераётганини яна бир бор тасдиқлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА