Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги Файзлиобод маҳалласида истиқомат қилаётган, умрининг каттагина қисмини қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига бағишлаган нуроний – Ўрозали бобо Норматов бу йил 102 ёшни қарши олди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан, Президентимиз фармонига мувофиқ, Ўрозали бобо “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу эса унинг узун ва самарали умридаги энг унутилмас воқеалардан бири сифатида тарихда қолди.

– Бу воқеа умримнинг энг ёрқин лаҳзаси бўлди, – дейди нуроний кўзлари ёруғланиб. – Биз ёшликда оғир қийинчиликларни кўрдик, уруш йилларида қишлоқда меҳнат қилиб, фронт ортига маҳсулот юбориб турдик. Ҳозир эса минг шукрки, бозорларимиз тўкин-сочин, юртимиз тинч. Бундай замонда инсон фақат шукрона қилиб яшаши керак. Бу ҳақда фарзандларим, набира ва чевараларимга доимо тайинлайман.
Ўрозали Норматов Жиззахнинг Зомин туманида туғилган. Чўлни ўзлаштириш йилларида Сардобага кўчиб келиб, шу юртда умр йўлини давом эттирди. 1963 йилдан бошлаб, янги туманнинг ташкил топиши, ерларни ўзлаштириш ва ободончилик ишларида фидокорона меҳнат қилди. У пахтачилик, боғдорчилик, чорвачилик ва пиллачилик каби йўналишларда самарали ишлаб, қишлоқ аҳолисининг турмуш фаровонлигига катта ҳисса қўшди.

– Отамнинг ҳаёти меҳнат билан ўтди. Унинг етмиш йилдан ортиқ фидокорона ҳаёти давлат раҳбари томонидан эътироф этилгани нафақат отам, балки барчамиз учун қувончли бўлди. Ҳалол меҳнат ва фидойилик ҳамиша қадрланишини юракдан яна бир бор ҳис этдик, – дейди отахоннинг фарзанди Ўрол Норматов.
Бугун ҳам нуроний маҳалладаги тадбирларда фаол иштирок этади, ёшларга ўзининг ибратли ҳаёти ҳақида сўзлаб беради. Унинг кечирган умри – чинаккам ҳаёт мактаби бўлиб, унинг ҳар бир маслаҳати тажриба ва заковат билан тўйинган.
– Инсон учун энг катта бахт – тинчлик ва барқарорлик. Ёшлар меҳнатни севиб, ватанга сидқидилдан хизмат қилсалар, албатта юксак мақсадларига етишадилар, – дейди Ўрозали бобо.
Ғулом Примов, ЎзА