Сардоба қовунига халқаро бозорларда талаб ортмоқда
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида етиштирилган қовунлар халқаро бозорларда тобора харидоргир бўлмоқда. Жорий йилнинг ҳисобот даврида тумандан 920,6 тонна қовун экспорт қилиниб, 420 минг АҚШ доллари миқдорида валюта тушуми таъминланди. Бу маҳаллий полизчилик маҳсулотларининг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлиги ортиб, экспорт географияси изчил кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Маълумотларга кўра, экспорт қилинган қовунларнинг асосий қисми Россия Федерациясига йўналтирилган. Шунингдек, Қирғизистон, Германия, Украина ва Латвияга ҳам катта ҳажмда маҳсулот етказиб берилди. Бу эса Сардобада етиштирилаётган қовунлар нафақат қўшни мамлакатлар, балки Европа бозорларида ҳам муносиб ўрин эгаллаётганини тасдиқлайди.

Ҳудудда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Полиз экинларини етиштиришда замонавий агротехнологиялардан самарали фойдаланиш, маҳсулотларни саралаш ва қадоқлаш тизимини такомиллаштириш, логистика имкониятларини кенгайтириш ҳамда экспортёрлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ташқи бозорларга сифатли маҳсулот етказиб беришда муҳим омил бўлмоқда.

— 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Сардоба тумани учун 1 миллион 979 минг АҚШ долларлик экспорт режаси белгиланган эди. Амалда эса 3 миллион 590 минг долларлик экспорт амалга оширилиб, прогноз кўрсаткичи 180 фоизга бажарилди.
Ҳозир туманнинг Робот маҳалласида қовун маҳсулотларини қабул қилишга ихтисослашган тўртта экспорт пункти фаолият юритмоқда. Бу ерда деҳқонлар ва экспортёрлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, маҳсулотлар ортиқча воситачиларсиз ташқи бозорларга чиқарилмоқда.
Айни вақтда Сардоба қовунлари Россия, Германия, Латвия, Англия ва бошқа давлатлар бозорларига мунтазам экспорт қилинмоқда, — дейди Сардоба тумани ҳокимлиги Инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бош мутахассиси Бекзод Дўстбегов.

Мутахассислар таъкидлашича, экспорт ҳажмининг барқарор ўсиши фермер ва деҳқонларнинг даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, экспортёрлар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликнинг кенгайиши маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро сифат талабларига мос ҳолда етиштирилиши ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.


Муҳими, Сардобада етиштирилаётган қовунлар нафақат ички бозорда, балки хорижлик истеъмолчилар дастурхонидан ҳам муносиб ўрин эгалламоқда. Бу эса маҳаллий полизчилик маҳсулотларининг сифати, экспортбоплиги ва халқаро бозорлардаги рақобатбардошлиги тобора ортиб бораётганининг ёрқин тасдиғидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири