
Cўнгги йилларда кадастр тизимининг архив йўналишига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани замон талаблари асосида янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалиётга жорий этилмоқда. Амалга оширилаётган мазкур ижобий ўзгаришлар нафақат ҳужжатларнинг хавфсиз сақланишини, балки фуқароларнинг уй-жой ва ер мулкларига доир маълумотларини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқларини ҳам таъминлаяпти.
Соҳада жорий этилган ва режадаги амалиётлар хусусида Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси Архив иши назорати бош мутахассиси Аида Муслимова қуйидагиларни маълум қилди.

– Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий филиаллари архив хоналарида Тошкент шаҳрининг ҳар бир қарич ери тарихи, аҳоли хонадонларининг ўтмиш ҳаёти акс этган жами 826 900 дан ортиқ кадастр йиғмажилд ҳужжатлари сақланади.
Ўтган йил Давлат кадастрлари палатасида “Архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва уларнинг ҳисобини тўғри юритишни йўлга қўйиш йили” деб эълон қилингани муносабати билан бошқарманинг туман филиаллари идоравий архивларида сақланаётган архив ҳужжатларининг мавжудлик ҳолатини ўрганиш ва рақамлаштириш амалга оширилди.

Мазкур жараёнда ҳар бир кадастр йиғмажилдларини рақамлаш, муҳрлаш ва сканер қилинган ҳужжатларни “Next Cloud” электрон тизимига юклаш ҳамда барча ўрганилган ҳужжатларни намуна иловасига мувофиқ тўлиқ маълумотларни киритиб, электрон кўринишда сақлаган ҳолда ишлар олиб борилди. Натижада ўтган йили 42 550 дан ортиқ архив ҳужжатлари рақамлаштирилиб, 70 360 та ҳужжат тартиблаштирилди.
Авваллари кадастр ҳужжатлари кўча ёки маҳалла кесимида жойлаштирилган бўлса, ҳозирда қидирув тизими жорий этилган.
Рақамлаштириш даврида қоғозлар билан ишлаш эришдек туюлиши мумкин. Лекин шундай ҳужжатлар борки, уларнинг асл нусхасини сифатли сақлаб қолиш жуда муҳим. Бу борадаги ишларни самарали ташкил қилиш мақсадида “Намунали архив” лойиҳаси доирасида Сергели ва Янгиҳаёт туман филиалларининг идоравий архивлари қисқа муддат ичида ҳар томонлама замонавий ва ақлли архивга айлантирилди.
Қоғозларнинг тўғри сақланиши ва сифати бузилмаслиги учун махсус вентиляция тизими ўрнатилди. Бегона шахсларнинг киришини чеклаш ва хавфсизлик нуқтайи назаридан архив хонасига бармоқ изи ва юзни таниш Face-ID тизими орқали кириш йўлга қўйилди.
Жорий йилда эса мазкур эзгу ташаббус давом эттирилиб, Яшнобод, Чилонзор, Мирзо Улуғбек туман филиалларида ҳам “Намунавий идоравий архив” лойиҳаси амалиётга татбиқ этилиши режалаштирилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА