Андижонда бўлиб ўтган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида иштирокчилар томонидан электрон кооперация портали орқали умумий қиймати 1 триллион 201,6 миллиард сўмлик 142 та ҳамкорлик шартномаси тузилди.
Юртимизда маҳаллий ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, ҳудудий корхоналарнинг экспорт салоҳиятини кўтариш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, кооперация тизимини кенгайтириш, импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, ҳудудлараро интеграцияни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ҳақиқатдан ҳам ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
[gallery-2998]
Ҳудудлар бўйича тузилган шартномаларнинг 12 таси Андижон, 7 таси Самарқанд, 4 таси Сирдарё, 8 таси Хоразм, 4 таси Навоий, 9 таси Бухоро, 3 таси Қашқадарё, 1 таси Наманган вилоятларида, 50 таси Тошкент шаҳрида, 4 таси Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган корхоналар ҳиссасига тўғри келди. Бундан ташқари, 12 турдаги маҳсулотни келгусида ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича техник жиҳатдан ҳамкорлик қилиш юзасидан 32 та меморандум имзоланди.
Мазкур ярмаркада маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган 48 турдаги янги маҳсулотлар – қандли диабет касаллигига қарши дори воситалари, иссиқликни сақловчи декоратив панеллар, сунъий тола, сув тозалаш иншоотлари, кимёвий қайта ишланган кальций карбонати, 30 турдаги янги диаметрли подшипниклар, шиша хомашёсидан ровинг тола, “Vertex” G11 ва G12 маркали антифризлар, енгил автомобиллар учун совитиш ва ҳароратни бошқариш тизими каби маҳсулотлар кўргазмада илк бор намойиш этилди.
Саноат ярмаркаси доирасида вазирликлар, турли ташкилотлар томонидан 7 та лойиҳа тақдимоти ҳам ўтказилди.
Ярмаркада ўз маҳсулотлари билан фаол қатнашган 20 та ишлаб чиқарувчига Андижон вилояти ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА