Саноат корхоналари фаолияти ўрганилди
Жиззахда вилоят ишчи гуруҳи томонидан воҳадаги саноат корхоналари фаолиятини ўрганиш, ишлаб чиқариш жараёнларини таҳлил қилиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий мулоқотлар ўтказилди.
Хусусан, Арнасой туманида хорижий сармоя асосида фаолият юритаётган “Powder Coatings Jizzakh” фаолияти билан танишилди. Ишлаб чиқариш жараёнлари кўздан кечирилиб, масъуллар томонидан мавжуд муаммолар ва таклифлар билдирилди. Жумладан, хомашёни маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда маҳсулот таннархини оптималлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-28688]
Шунингдек, корхона брендини шакллантириш ва уни ички ҳамда ташқи бозорда самарали илгари суриш бўйича ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатиш юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бобур Умрзоқов томонидан мазкур йўналишларда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Ишчи гуруҳ ўрганишлари доирасида тумандаги қоп ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Spark Brilliant Jizzakh” фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Корхонада ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот турлари ва технологик жараёнлар ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Бундай амалий ўрганишлар саноат салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, бу каби мулоқотлар ва ўрганишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши таъкидланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари