Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 11 март куни саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни янада кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 24 январдаги қарори билан 2022 йилга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтириш дастури қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, 2 минг 455 та лойиҳа доирасида қарийб 37 триллион сўмлик янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Йиғилиш аввалида ушбу лойиҳалар ижроси танқидий таҳлил қилинди. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятида бу борада сусткашликка йўл қўйилгани кўрсатиб ўтилди. “Электрон кооперация” портали орқали тузилган шартномалар айрим ҳудудларда бажарилмаган. Электрон савдоларда Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Сурхондарё ва Хоразмдаги корхоналар улуши 1 фоизга ҳам бормайди. Кооперация етишмаслиги сабабли юртимизда ишлаб чиқариш мумкин бўлган айрим товарлар импорти ошган.

– Бугунги ўзгарувчан шароитда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашнинг энг самарали йўли бу – ички имкониятларни ишга солиш, импорт бўлаётган айрим маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва саноатни янада ривожлантириш. Бу миллий иқтисодиётимизнинг устувор йўналиши бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда шу борадаги муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Йирик корхоналар билан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперацияни маҳсулотлар кесимида йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Мисол учун, Навоий кон-металлургия комбинати хориждан олаётган маҳсулотлар ва уларга техник талаблар ҳақидаги маълумотларни “кооперация портали”га жойлаштиргандан сўнг илгари импорт қилинган 600 миллиард сўмлик маҳсулотларни ҳозир 18 та маҳаллий корхона етказиб бермоқда.

Президент бу тажрибани барча тармоқ ва ҳудудларда йўлга қўйиш, импорт қилинаётган маҳсулотларни ўзлаштиришга тадбиркорларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу мақсадда саноат ярмаркалари ўтказиш тартиби ҳам ўзгартирилади. У ерда тайёр маҳсулотга харидор топиш билан бирга, ўзлаштиришга тавсия қилинаётган товарлар бўйича бизнес-режалар ҳам ишлаб чиқилади. Лойиҳага қизиққан тадбиркорлар шу ернинг ўзида буюртмачи билан харид шартномаларини, банклар билан молиялаштириш масаласини келишиб олади.

Бунинг учун “Ўзэкспомарказ”да доимий ишлайдиган саноат кўргазмаси, вилоят марказлари ва саноат зоналарида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг “шоу-рум”лари ташкил этилади.

Шу билан бирга, янги лойиҳаларнинг маркетинг тадқиқотлари, маҳсулотни хорижда сертификатлаш харажатларининг бир қисми қоплаб берилиши айтилди.

Йиғилишда жаҳон бозорида рўй бераётган ўзгаришлар атрофлича таҳлил қилинди.

Хомашё олиб келиб, божхона ҳудудида қайта ишлаб, экспорт қиладиган корхоналарга апрелдан бошлаб қатор имтиёз ва енгилликлар берилиши белгиланди. Жумладан, уларнинг лойиҳалари учун техник-иқтисодий асос, маҳсулот сертификати, божхона тўловлари таъминоти талаб этилмайди, уларга рухсатнома бериш муддати 3 баробар қисқаради, олиб келинган дастгоҳлар учун божхона божлари ундирилмайди.

Янги бозорларга кириш учун саноатга халқаро стандартларни кенг жорий қилиш ҳам зарур. Мисол учун, 2019-2021 йилларда тўқимачилик йўналишидаги 2 мингта корхона халқаро сертификат олгани ҳисобига уларнинг экспорти 1,5 баробарга ошган.

Қолаверса, яқинда “Cotton Campaign” халқаро коалицияси Ўзбекистон пахтасига бойкотни бекор қилди. Бу ҳам катта имконият, янги бозорлар, дегани.

“Ўзстандарт” агентлигига халқаро сертификатга эга корхоналарни бошқа тармоқларда ҳам кўпайтириш, ҳудудлардаги “Лойиҳа офислари” ҳузурида Халқаро стандартларни ўргатиш марказларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Юртимизда хомашёси бўлган яна бир саноат тармоғи бу – қурилиш материаллари. Бу борадаги геология захирасини кенгайтиришга 100 миллиард сўм ажратилган. Жорий йилда 1 миллиард 800 миллион долларлик 420 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Мутасаддиларга ушбу лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, қурилиш материаллари экспорти ҳажмини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Фармацевтика тармоғида мавжуд қувватларни тўлиқ сафарбар этиш ва импорт ўрнини тўлдириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Маълумки, саноат корхоналари илм ва инновациядан ажраб қолса, янги рақобат шароитига мослашиши қийин бўлади. Шунинг учун Инновацион ривожланиш вазирлигига ҳудудлардаги корхоналарни замон талабига уйғунлаштириш, маҳсулот сифатини оширишга кўмаклашиш бўйича вазифалар юклатилди.

Йиғилишда саноат тармоқлари ва йирик корхоналар раҳбарлари, ҳокимлар сўзга чиқди.

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш – миллий иқтисодиётнинг устувор йўналиши