“Сангардак” туризм марказида янги иншоотлар ишга тушди
Сурхондарё вилоятидаги “Сангардак” туризм марказида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига янги туризм ва оилавий дам олиш масканлари фойдаланишга топширилди.
Сариосиё туманининг хушманзара тоғлари қўйнидаги сўлим қишлоқда туристлар учун зиплайн аттракциони, кўл бўйлаб қайиқ сайри хизмати, тоғ ҳалинчаги, замонавий дам олиш ва шале типидаги уйлар, “Uzbur” номли ресторан иш бошлади.

Айни пайтда денгиз сатҳидан уч минг метр баландликда жойлашган “Сангардак” шаршараси билан ҳам танилган қишлоқнинг 615 гектар ер майдонида замонавий туризм мажмуаси бунёд этилмоқда. Бу лойиҳаларнинг барпо этилиши ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ошириб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар қулай дам олиш шароитларини яратишга хизмат қилади.



Тадбир доирасида болажонлар учун турли кўнгилочар ўйинлар ташкил этилди. Байрам совғалари топширилди. Қизиқарли саҳна чиқишлари ва концерт дастурлари барчага бир олам қувонч улашди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири