Санэпидқўмита: рақамлаштириш хизматлар сифати яхшиланишига, соҳани оптималлаштиришга хизмат қилади
Бугунги кунда хизматлар сифатини яхшилаш, соҳани оптималлаштириш ва ташкилотларнинг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар бир соҳани рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Санитария-эпидемиология соҳасида ҳам бир нечта йўналишларда электрон рақамлаштириш тизими ташкил этилди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова бу ҳақда батафсил маълумот берди.
Таъкидланишича, YKEM – Юқумли касалликлар электрон мониторинги – бу аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида юқумли касалликларнинг эпидемиологик назоратини рақамлаштириш орқали такомиллаштиришдир.
– Анъанавий ахборот алмашиниш тизими орқали маълумотларнинг йиғилиши, қайта ишланиши ва жавоб чораларининг жойларга кўрсатма орқали етказилиши 12 соатдан 48 соатгача вақтни эгаллайди. Юқумли касалликка чалинган бир нафар бемор бу вақт ичида камида 2-3 нафар соғлом одам билан мулоқот қилади. Натижада ушбу соғлом шахсларни касалликнинг яширин даври муддати давомида тиббий назоратга олиш ва карантин чораларини белгилашга зарурат туғилади. Юқумли касалликлар электрон мониторингида ахборотни тезкор ва сифатли етказилиши таъминланади. Бу эса юқумли ва ўта хавфли юқумли касалликларни ўз вақтида бартараф этиш ва тарқалиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади, – дейди М.Саидова.
Шунингдек, соҳани рақамлаштириш борасида Санэпидқўмитанинг вакцина сақлаш омборлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида вакциналар логистикасини бошқариш тизимининг таъминланиши, харид қилиш, тарқатиш ва қайта тақсимлашнинг соддалаштирилган тартиби, яъни “Электрон вакцина логистикасини бошқариш тизими” ишга туширилди. Бунда вакциналарни ҳудудларга юбориш, даволаш-профилактика муассасаларига сифатли ва совуқлик занжирига риоя қилган ҳолда етказилишини кузатишга имкон беради.
Яна бир электрон тизим RISK – тадбиркорлик субъектларининг хавфсизлик даражасини баҳолаш бўлиб, хавфни таҳлил қилиш механизмини жорий қилиш учун назорат остидаги объектларнинг ягона электрон базасидир. Тадбиркорлик субъектларига “Санитария-эпидемиологик осойишталик белгиси”ни бериш орқали озиқ-овқат хомашёси, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш, қонунчилик ҳужжатларига кўра ходимлари тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш, шу жумладан, болаларга таълим ва тарбия бериш, тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари хавф-хатар тоифаси бўйича табақалаштирилади. Бу ўз навбатида, истеъмолчиларга кўрсатиладиган хизмат ва истеъмол қилинадиган маҳсулотлар турларини гигиеник жиҳатидан хавфсиз ёки хавфлилиги (маҳсулотнинг истеъмолга яроқсизлиги) тўғрисида маълумотга эга бўлиш имконини беради.
LIS – Лаборатория ахборот тизими эса тиббиёт муассасалари лаборатория диагностикаси бўлимларининг беморни тестларга юбориш, биоматериалларни танлаб олиш ва тайёрлаш, турли хил тадқиқотлар ўтказиш, шу жумладан, анализаторлардан фойдаланиш каби асосий иш жараёнларини автоматлаштириш ва электрон шаклга ўтказиш имконини берувчи дастур ҳисобланади. Анализ учун келган ҳар бир намуна штрих-кодланган бўлади, маълумотлар эса электрон шаклда юборилади ва уларни қабул қилиш, қайд қилишда қоғоз ва журналлардан воз кечилади. Электрон тизимда беморлар ҳақидаги маълумотлар уларнинг ёши, жинсига қараб мониторинг қилинади. Бунинг афзалликлари шундаки, қоғоздан воз кечилади, маълумотларнинг ташқарига чиқиб кетишининг олди олинади, намуна текширувга келган кундан, жавоби чиқишгача бўлган вақт қисқаради, жавобни жойига етказиш тезлашади.
Брифингда таъкидланганидек, янги электрон рақамлаш тизимининг жорий этилиши натижасида инсон омили туфайли йўл қўйиладиган камчиликларни бартараф этиш ва вақтдан ютиш ҳамда маълумотларни тўғри ва тезкор тизимга киритиш, таҳлил қилиш эвазига тезкор қарши чоралар кўриш имконияти яратилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА