Санаторий-курорт ташкил этувчи тадбиркорларга янги имтиёз
Самарқанд вилоятининг табиий ва рекреацион салоҳиятидан фойдаланиб, тиббий ҳамда соғломлаштириш туризмини ривожлантириш мақсадида "Нурбулоқ" санаторий-курорт шаҳрини ташкил этиш тўғрисида Президент қарори лойиҳаси тайёрланди.
Лойиҳага кўра, Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 470 гектар ер майдонида вилоят бўйсунувидаги "Нурбулоқ" санаторий-курорт шаҳри ташкил этиш таклиф этилмоқда.
2035 йил 1 январга қадар халқаро СПА ва санаторий-курорт ташкил этувчи тадбиркорлар республикага олиб кириладиган асбоб-ускуна, технология ва хомашё учун божхона божидан тўлиқ, ер солиғининг 50 фоизидан озод этилади. Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб тиббиёт муассасалари хорижий фуқароларга туроператорлар орқали хизмат кўрсатганда, тўланган қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи кешбэк тарзида қайтарилиши кўзда тутилмоқда.
Қарор лойиҳаси доирасида тиббий ва соғломлаштириш туризмининг миллий "Авиценна" бренди тасдиқланиб, уни ривожлантириш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастури белгиланади.
Шунингдек, Лойиҳада Нурбулоқни узлуксиз фаолият юритувчи санаторий-курорт шаҳрига айлантириш, санаторий-курорт муассасалари сонини 50 тага, улардаги ўринлар сонини 7 400 тага етказиш, тиббий ва соғломлаштириш туризми йўналишидаги маҳаллий ва хорижий туристлар сонини 2 баравар, бу йўналишдаги хизматлар экспортини 2,3 баравар ошириш, сайёҳларнинг ўртача қолиш муддатини 5 кундан 8 кунгача етказиш ҳамда Нурбулоқни миллий ва халқаро миқёсда рақобатбардош бренд сифатида шакллантириш каби шаҳарни ривожлантиришнинг бир қатор мақсадли кўрсаткичлари белгиланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА