Санъат музейида таъмирлаш ишлари тўхтатиб қўйилганми ?
Ўзбекистон давлат санъат музейи Марказий Осиёдаги энг йирик санъат даргоҳларидан бири бўлиб, музей фондида 100 мингдан ортиқ асл ва ноёб экспонат сақланади.
Ушбу экспонатлар давлатимизнинг бебаҳо маданий бойлиги ҳисобланади. Мазкур музей биноси таъмирга муҳтожлиги сабабли вақтинча фаолияти тўхтатилган эди.
Аммо ижтимоий тармоқларда музей биносида таъмирлаш ишлари олиб борилмаётгани юзасидан танқидий фикрлар билдирилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Қайд этилишича, айни пайтда Ўзбекистон давлат санъат музейини замонавий талабларга мослаштириш, музей ашёларини сақлаш шароитларини яхшилаш ва бино инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича зарур ташкилий ва техник ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Маданий мерос илмий-тадқиқот институти томонидан музей биносини таъмирлаш-тиклаш, электр тармоқлари, иссиқ ва ичимлик суви тизимлари ҳамда трансформаторларни янгилаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Шунингдек, музей биносида хавфсизликни таъминлаш мақсадида 161 та видеокузатув камераси, 230 та ёнғинни аниқлаш детектори, 180 та ҳаракат датчиги ҳамда 50 та хавф-хатар датчиги ўрнатилган.
Ҳозирда музей биносида таъмирлаш-тиклаш ва модернизация ишларини амалга ошириш, шунингдек, муассаса фаолиятини қайта тиклаш билан боғлиқ ташкилий ҳамда молиялаштириш масалалари устида иш олиб борилмоқда. Музейнинг қайта очилиш муддати таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланиши ва янгиланган экспозициянинг ташкил этилишига мувофиқ белгиланади. Музей биносини таъмирлаш-тиклаш, фонд ашёларини сақлаш шароитларини яхшилаш ва муассаса фаолиятини қайта тиклаш жараёнининг бориши юзасидан жамоатчиликка қўшимча маълумотлар Маданий мерос агентлигининг расмий ахборот ресурслари орқали тақдим этиб борилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА