Санъат бирлаштирган икки халқ ёшлари (+видео)
Республика ихтисослаштирилган дизайн мактабида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Океан бўйлаб диалог: АҚШ ва Ўзбекистон ёшлари Ипак йўлида” номли халқаро кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур маданий лойиҳа Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ёшларини санъат ва ижод орқали бирлаштириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ҳамда Буюк Ипак йўлининг бой тарихий меросини янги авлод нигоҳида қайта талқин этиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда “My Way” ташкилоти раҳбари Алёна Бадалова, “World Network NY” компанияси таъсисчиси Мукаррамхон Игамбердиева, Ватандошлар жамияти фаоллари, “Sani travel” компаниясининг вакиллари, ижодкорлар, ўқувчи-ёшлар иштирок этдилар.
Кўргазма маданий дипломатиянинг самарали воситаси сифатида икки мамлакат ёшлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири — “Америкалик болалар кўзи билан Ўзбекистон” мавзусидаги кўргазмадир. Унда америкалик болалар ва ўсмирлар Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, Буюк Ипак йўли мероси, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарларнинг бетакрор меъморий обидалари ҳамда халқимизнинг маданий бойликларини ўз тасаввурлари ва ижодий ёндашувлари орқали акс эттирганлар.
“Океан бўйлаб диалог” кўргазмаси нафақат Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган муҳим маданий тадбир, балки ёшлар дипломатияси, халқаро ҳамкорлик ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган аҳамиятли ташаббус сифатида ҳам катта аҳамият касб этади. Бундай лойиҳалар халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб, келажак авлодлар учун мустаҳкам ҳамкорлик пойдеворини яратишга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420"
src="https://www.youtube.com/embed/FdUVco692kM"
title="YouTube video player"
frameborder="0"
allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share"
allowfuHallscreen>
</Iframe>Мунира Рамазонова, Дониёр Якубов, Салим Обиджонов, ЎзА