Самодаги юлдузларимиз ёғдуси сўнмайди
"ПАХТАКОР-79". Агар улар яна уч йил яшаганида мамлакат терма жамоаси 1982 йили Испанияда ўтган жаҳон чемпионатида қатнашиб, чемпионатнинг кашфиётига айланишарди.
Фёдоров 4-5 рақибни писанд қилмай олдга ташланарди ва ҳужумни гол билан якунларди. Ан майдон марказида бир неча рақибни чалғитиб, ҳужумдаги жамоадошига тўпни узатиб голли вазият яратарди. Аширов эса ҳимояда метин қалқондай турарди...
Афсуски, 1979 йил 11 август куни ўчмас инсоният ёдидан!.. Ўша куни фожиа юз берди. Тошкент – Гурьев – Донецк – Минск йўналишида учаётган самолёт Челябинск – Воронеж – Кишинев йўналишида учаётган самолёт билан маҳаллий вақт ҳисоби бўйича соат 13 дан 35 дақиқа 38 сония ўтганда Днепропетровск вилоятининг Куриловка қишлоғи осмонида, тахминан 8400 метр баландликда тўқнашиб кетди. Авиаҳалокат натижасида иккала самолётдаги 13 нафар экипаж аъзоси ва 161 нафар йўловчи, жами 178 киши ҳалок бўлди. Бевақт ҳалок бўлганлар орасида “Динамо” (Минск) жамоаси билан чемпионатнинг навбатдаги учрашувини ўтказиш учун кетаётган “Пахтакор” футбол жамоамизнинг 17 нафар аъзоси ҳам бор эди!..
Ёз кунида рўй берган кучли портлашдан Днепропетровск вилояти осмони, замини ларзага келди. Кейин Куриловка қишлоғи дала-ўрмонига самолёт парчалари, йўловчиларнинг куймай қолган, кучли шамолда учиб кетган айрим буюмлари... ёға бошлади. Бу жойга етиб келган қишлоқ аҳли “Пахтакор” жамоаси журнали ва спорт кийимларини ҳам учратишди.
Айнан ўша жойда, орадан 30 йил ўтиб, 4 август куни “Пахтакор” жамоаси марҳум футболчилари хотирасига ўрнатилган ёдгорликнинг очилиш маросими бўлди. Унда марҳум пахтакорчиларнинг яқин кишилари, Куриловка қишлоғи аҳли, “Пахтакор–79” жамоасини ҳали-ҳануз хотирасида эъзозлаб келаётган Украина, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа давлатларда истиқомат қилаётган мухлислари, футбол жонкуярлари иштирок этишди.
Ҳа, хотира унутилмайди. Ҳали-ҳануз “Пахтакор–79” жамоасининг яшил майдондаги чиройли ўйинлари кўз ўнгимизда гавдаланади, тушларимизга киради. Чунки бизнинг футболдаги орзуларимиз, умидларимиз шу жамоага боғланган эди. Уларни эслаганда ҳамон кўксимизда нимадир портлайди. Хотирамизда марҳум пахтакорчиларни номма-ном эслаймиз: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Идгай Тазетдинов, халқаро миқёсдаги спорт усталари – Михаил Ан, Владимир Фёдоров, спорт усталари – Олим Аширов, Равиль Агишев, Константин Баканов, Юрий Загуменних, Александр Корчённов, Николай Куликов, Владимир Макаров, Сергей Покатилов, Виктор Чуркин, спорт усталарига номзодлар – Сирожиддин Бозоров, Владимир Собиров, Шуҳрат Эшбўтаев, жамоа шифокори Владимир Чумаков, жамоа маъмури Мансур Толибжонов.
Айниқса, ҳар йили август ойида осмонга тикиламиз. Орзуларимиз, армонларимиз осмонда. Чиндан ҳам ўша даврда “Пахтакор” жамоаси футбол мухлисларининг умидига, қувончига айланганди. Ҳатто Ўзбекистондан бошқа жойда яшовчи мутахассислар ҳам “Пахтакор” ҳақида қанотли фикрлар билдирарди: “Бу жамоанинг келажаги порлоқ, яқин йилларда мамлакат чемпионатида юқори ўринларни эгаллайди, УЕФА кубоги ўйинларида қатнашиб, Европани ҳам лол қолдиради”.
Бу фикрларда асос бор эди. Михаил Ан – ёшлар ўртасида Европа чемпионатининг олтин медали билан тақдирланганди, жамоанинг ҳақиқий сардори эди. Ўйин бошқарувини зиммасига оларди, керак пайтда тўпни ўзида ушлаб туриб, рақибларнинг уч-тўрт ўйинчисини алдаб ўтарди, бошқа вазиятда 40–50 метр узоқда турган жамоадошига тўпни аниқ узатарди, жарима ва бурчак тўпларини қойилмақом бажарарди.
Владимир Фёдоров – 1976 йили Монреаль олимпиадасининг бронза медали билан шарафланганди, дунёдаги тезкор ҳужумчилардан бири эди. Рақибларнинг бир неча ўйинчисини чаққон ҳаракатлари билан алдаб ўтиб, кучли зарба билан тўпни дарвозага жойларди, боши билан ҳам аниқ зарба йўналтирарди. Ҳатто айрим учрашувларда ўз жарима майдони ёнида тўпни қабул қилиб, катта тезликда деярли барча рақиб ўйинчиларини алдаб ўтиб гол урганди.
Олим Аширов – ҳимояда мустаҳкам турарди, вазиятни тўғри баҳоларди, рақиб ҳужумчисининг эркин ҳаракатланишига имкон қолдирмасди. Сергей Покатилов – ҳар жиҳатдан тўкис дарвозабон, пенальтиларни қайтариш қироли эди, бир ўйинда кетма-кет берилган учта пенальти зарбасини бартараф этганди. Шуҳрат Эшбўтаев – ҳужум чизиғида эндигина порлаётганди, тайёргарлик кўрмай кучли зарба бера оларди, дастлабки голларини киритганди. Хуллас, “Пахтакор”нинг бошқа футболчилари ҳам айни кучга тўлган вақти эди.
Афсус... 1979 йил 11 августда рўй берган авиаҳалокат “Пахтакор” жамоасининг ёрқин юлдузларини осмонда олиб қолди. Агар бу футболчиларимиз ҳаёт бўлишганда, мухлисларимизнинг ўзбекистонлик футболчиларнинг жаҳон чемпионатида иштирок этиши орзуси 1982 йилдаёқ рўёбга чиқарди. Чунки Испанияда бўладиган жаҳон чемпионати олдидан мамлакат терма жамоасининг асосий ярим ҳимоячиси Леонид Буряк жароҳат олганди. Ўша вақтда бу ярим ҳимоячи ўрнини фақатгина Михаил Ан боса оларди.
Ўша жаҳон чемпионатида шахсий маҳорати билан ўйин тақдирини бир ўзи ҳал қила оладиган ҳужумчига эҳтиёж сезилганди, демакки шу хислатларга эга Фёдоров ҳам терма жамоа сафига киритиларди. Жаҳон чемпионатида ҳимоядаги парокандалик мағлубиятга сабаб бўлганди, ўша даврда ҳимояни мустаҳкамлайдиган ҳимоячи Олим Аширов эди... Лекин бу юлдузлар уч йил олдин мангулик осмонидан жой олишганди.
Агар улар ҳаёт бўлишганда бири-биридан маҳоратли мураббий ёки мутахассис бўлишиб, футболимизни ривожлантиришга хизмат қилишарди. Улар ўзларидан ҳам истеъдодли ва маҳоратли футболчиларимизнинг янги авлодини тарбиялашарди. Афсус, улар мангулик осмонида, бизга орзу-армонлар қолди. Шукурки, 1994 йили юртимиз термаси Осиё ўйинларида чемпион бўлди. Шукурки, футболчиларимиз Фёдоров каби Олимпия ўйинлари ҳавосидан нафас олишди. Шукурки, футболчиларимизнинг янги авлоди жаҳон чемпионати сари йўл очишди!..
Барибир, “Пахтакор–79” хотираси қалбимизда. Марҳум пахтакорчилар хотирасини абадийлаштириш учун Тошкентда, футболчилар туғилган туманларда ёдгорликлар ўрнатилди, кўчаларга номлари берилди. Ҳар йили болалар, ёшлар, ҳаваскор ва профессионал футболчилар ўртасида “Пахтакор–79” хотира мусобақалари ўтказилаяпти. Улар ҳақида мақолалар, китоблар чоп этилаяпти, кўрсатувлар, фильмлар тайёрланаяпти, барибир кўнглимиз тўлмайди. Ахир, улар навқирон ёшда ҳаётдан кўз юмишди...
Йиллар ўтаверади. “Пахтакор–79” футбол жамоаси мухлислари қалбида яшайверади. Яшил майдон узра олқишлар янграр экан, “Пахтакор–79” ҳам тилга олинаверади. Чунки ўша ёз кунида самолётлар тўқнашишидан пайдо бўлган чақмоқ бизнинг қалбларга, футбол мухлислари кўнгилларига кўчди.
Дунёвий ҳалокат юз берди ёзда,
Хаёлан бор эдим ўша парвозда.
Сизга соғинч сўзим етар баёзда,
Ўн биринчи август ўчмас ёдимдан.
Самога тикилсин миллионлаб нигоҳ,
Афсуски, бўлишмас асрордин огоҳ.
Замин бўшаб қолди мисли ўйингоҳ,
Ўн биринчи август ўчмас ёдимдан.
Қисмат деганлари бунча бешафқат,
Футболни кўришга энди йўқ тоқат.
Ширин хотиралар уйғоқдир фақат,
Ўн биринчи август ўчмас ёдимдан.
Ҳайҳот, бирданига борим йўқотдим,
Акамни, укамни... ёрим йўқотдим,
Иқболим куйловчи торим йўқотдим,
Ўн биринчи август ўчмас ёдимдан.
Ҳануз хаёлимда ҳалокатли ёз,
Ҳануз қулоғимда портлаган овоз.
Наҳотки мен учун тугади парвоз,
Ўн биринчи август ўчмас ёдимдан.
Фасллар кетидан келар фасллар,
Бир-бир ўтаверар йиллар, асрлар.
Соғинч сўзим ёдлар зукко насллар,
Ўн биринчи август ўчмас ёдимдан.
Асрор МЎМИН,
шоир, таржимон ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист