Самира Исмоилова ва Сергей Ростовцев — Осиё кубоги ғолиблари
Велоспортчиларимиз Осиё кубогида икки олтин медални қўлга киритди
Таиландда велоспортнинг трек йўналиши бўйича Осиё кубоги баҳслари давом этмоқда. 28–30 август кунлари ўтказилаётган мусобақанинг илк кунида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари икки олтин медалга сазовор бўлди.
Аёллар ўртасидаги Individual Pursuit дастурида Самира Исмоилова барча рақибларини ортда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Эркаклар ўртасидаги Scratch баҳсида эса терма жамоамиз етакчиларидан бири Сергей Ростовцев 150 очко жамғариб, биринчи ўринни эгаллади.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг илк кунини икки олтин медаль билан якунлади.
Мазкур натижалар мамлакатимизда велоспортни ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш ҳамда халқаро майдонда муносиб иштирок эта оладиган спортчиларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг амалий самарасидир.
Таиланддаги Осиё кубоги баҳслари 30 августга қадар давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА