Самарқанд шаҳридаги 26 та умумий ўрта таълим мактабида фаолият юритган чақириққача бошланғич тайёргарлик (ЧҚБТ) фани ўқитувчилари ишдан бўшатилгандан сўнг тўланиши керак бўлган компенсация пулларининг берилмагани юзасидан Самарқанд шаҳар адлия бўлимига оммавий мурожаат билан чиқишди.
Самарқанд вилоят адлия бошқармасининг маълум қилишича, мурожаат асосида ўтказилган ўрганишларда ушбу 26 нафар ўқитувчига ишдан бўшаш нафақа тўловлари иш берувчи томонидан ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилмагани аниқланди.
Юзага келган ҳуқуқбузарликни бартараф этиш мақсадида Самарқанд шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида расмий тақдимнома киритилиб, ҳуқуқий таъсир чоралар қўлланилди. Бунинг натижасида 26 нафар ўқитувчига жами 165 миллион 106 минг 484 сўм компенсация пули тўлаб берилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири