Самарқанддаги “C5+1” анжуманида молиявий технологиялар ривожига хизмат қиладиган янгиликлар ҳам эълон қилинмоқда
Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги “C5+1” форматидаги тадбирлар доирасида “Рақамли технологиялар” мавзусида панель сессияси ўтказилди.
Ушбу муҳим учрашув икки минтақанинг давлат идоралари вакиллари, нуфузли соҳа мутахассислари ва етакчи компаниялар иштирокидаги бизнес дастури доирасида ташкил этилди.
Дунёда аҳолиси фақат смартфонлар орқали тўлов қилишга ўтиб бораётган мамлакатлар сони ортиб бормоқда.
Тадбир доирасида ана шу йўналишда ҳам муҳим янгиликлар эълон қилинмоқда. Хусусан, “Google Cloud” компаниясининг Давлат сиёсати ва давлат ташкилотлари билан алоқалар йўналиши раҳбари Марчин Красускининг таъкидлашича, машҳур Google Pay хизмати энди Ўзбекистонда ҳам расман ишга туширилди.

Шу ўринда савол туғилади. Хўш, бу янгилик оддий одамлар ҳаётида нимани ўзгартиради, бу хизмат аслида нима?
Бу “Android” тизимида ишлайдиган смартфон ва соатларни хавфсиз рақамли ҳамёнга айлантирадиган замонавий хизматдир.
Ундан фойдаланиш жуда оддий. Банк картасини бир марта телефондаги иловага боғлаб қўйиш кифоя. Натижада дўкон, ресторан ёки жамоат транспорти каби жойларда тўлов қилиш учун банк пластик картасини олиб юриш шарт бўлмай қолади. Телефонингизни тўлов терминалига шунчаки яқинлаштиришнинг ўзи етарли. Тўлов бир сонияда амалга ошади.
Бу тизимнинг энг катта афзалликларидан бири унинг юқори даражадаги хавфсизлигидир.
Масалан, Google Pay тўлов вақтида сизнинг асл карта рақамларингизни сотувчига кўрсатмайди. Тизим ҳар бир тўлов учун махсус шифрланган код яратади. Бу дегани, маблағларингиз ва шахсий маълумотларингиз тўлиқ ҳимояда бўлади.

Шунингдек, интернет орқали харид қилиш ҳам анча осонлашади. Бунда турли сайт ёки иловаларда маҳсулот сотиб олаётган киши кўп хонали карта рақамини эринмай ёзиб ўтириши шарт эмас. Ягона тугмани босиш орқали харидни зудлик билан тасдиқлаш мумкин.
Мутахассислар Google Pay хизматининг йўлга қўйилиши рақамли иқтисодиёт ва замонавий молиявий технологиялар ривожига хизмат қилишини таъкидламоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Сарвар ЎРМОНОВ(сурат),ЎзА