Мамлакатимиз таълим тизимида кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, умумий қамров 28 фоизга етказилди (Самарқанд вилоятида 33 фоиз). 4 йил аввал бу рақам атиги 9 фоизни ташкил этарди.
Олий таълим ташкилотларига давлат грантлари билан биргаликда тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилаётган талабалар сони ҳам анча ошди. Бу эса табиийки, таълим кредитларига талабни кескин оширди. Аммо, шу пайтгача бу борада талабалар ва уларнинг ота-оналарига айтарли енгиллик йўқ эди. Таълим кредитлари умумий шартлар асосида, юқори фоизларда ажратиларди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 июлдаги “Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча, яъни давлат, нодавлат, республика ҳудудидаги хорижий олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун талабаларга қулай шароитлар яратиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида таълим кредити ажратишнинг янги тизимини йўлга қўйиш белгиланди – дейди Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Сувонқулов.
– Шундан сўнг жорий йил 18 августда Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Ушбу низом асосида жорий йилнинг 5 октябрига қадар вилоятимиздаги тижорат банклари филиаллари томонидан 224 нафар талабага 2 миллиард 25 миллион сўм таълим кредити ажратилди. Бу жараён айни пайтда қизғин паллага кириб бормоқда. Кредит олиш истагида бўлган ота-оналар, талабалар ҳам жуда кўп. Бу йил вилоятдаги банклар томонидан таълим кредитлари учун тахминан 71 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Шу ўринда таълим кредитлари ажратишнинг аввалги ва ҳозирги тизими ўртасидаги фарқли жиҳатларга эътибор қаратсак.
2020-2021 ўқув йили учун вилоятдаги банк филиаллари томонидан 461 нафар талабага 4 миллиард 667 миллион сўм таълим кредити ажратилган. Лекин уларнинг фоиз ставкаси 20 дан юқори бўлган. Кредитни қайтариш муддати ҳам ҳозирги тизимдан кескин фарқ қилган ва бу талаба, унинг ота-онаси учун қийинчилик туғдирган. Мисол учун, вилоятимиздаги тижорат банклари томонидан 2019-2020, 2020-2021 ўқув йиллари учун 1027 нафар талабага 9 миллиард 884 миллион сўм таълим кредитлари ажратилган бўлса, шундан 58 фоизи 3 йил ва ундан қисқа муддатга, 8 фоизигина 5 йил ва ундан ортиқ муддатга ажратилган.
Таълим кредити узоқ муддатли ҳамда жалб қилинадиган кредит ресурслари учун тўланадиган фоиз ҳаражатларини инобатга олганда паст фоиз ставкада бўлганлиги ҳамда банклар учун фойдали бўлмаганлиги учун тижорат банклари ушбу кредитни ажратишдан иқтисодий жиҳатдан манфаатдор бўлмаган, бу эса талабалар томонидан таълим кредитларидан фойдаланишда қийинчиликларни келтириб чиқарган.
Янги тизимда мазкур ҳолат ўзининг иқтисодий ечимини топди, яъни тижорат банклари жамғармадан олинган 10 фоизли ресурсларни 4 фоиз банк маржасини қўшган ҳолда 14 фоизли кредит қилиб ажратади. Яъни, эндиликда 4 фоизлик маржа тижорат банк филиалини кўпроқ таълим кредити ажратишга иқтисодий туртки беради.
Талабаларнинг ўқиш давридаги фарқдан қатъий назар кредитнинг асосий қарзини тўлашда барча талабалар учун тенг шароит яратилди. Талабалик даврида кредит фоизи тўлаб борилади, ўқишни битиргач, 7 ой ичида ишга жойлашиб ёки ўзини-ўзи банд қилиб даромад манбаига эга бўлиб, кредитни тўлаш учун ўз имконига эга бўлади.
Таълим кредити тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги таълим шаклида бакалавр таълим йўналиши ва магистратура мутахассислигига тўлов-контракт асосида ўқиётган талабаларга ажратилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА