Самарқандда ёшлар туризм ҳафталиги бошланди
Ўқувчи ва талаба-ёшларнинг қишки таътилдаги бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида 4-10 январь кунлари Самарқандда ёшлар туризм ҳафталиги ўтказилмоқда. Ҳафталик доирасида Самарқанд шаҳридаги музейлар ва тарихий обидаларга саёҳатлар ташкил этилмоқда.
--Саёҳатларга вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан асосан ногиронлиги бўлган, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган, фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган 850 нафар ёшни қамраб олиш кўзда тутилган,-- дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов.-- Ўқувчи ва талабалар белгиланган кунларда ҳар бир туман ва шаҳардан марказлашган ҳолда ҳокимликлар томонидан ташкил этилган автобусларда олиб келинади. Улар шаҳардаги тарихий масканлар, Янги йил байрами тадбирлари ўтказилаётган жойларда бўлишади. Шунингдек, ёш саёҳатчилар учун театр ва кинотеатрларда тарихий спектакллар ва бадиий фильмлар намойиши ҳам режалаштирилган.
Ҳафталикнинг илк кунида Самарқанд шаҳрида яшовчи ёшлар учун саёҳат ва маданий дастурлар уюштирилди.
[gallery-21146]
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири