Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан юртдошларимиз беш кун дам олади.
Ушбу даврда аҳолининг юртимиз бўйлаб саёҳатга чиқиши, кўнгилдагидек дам олиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, темир йўл транспортидан фойдаланишда йўловчиларга имтиёз берилди, сайёҳлик йўналишлари кенгайтирилди, жойларда кўплаб маданий тадбирлар режалаштирилди.
Самарқанд вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, туристик транспорт хизматлари, умумий овқатланиш шохобчалари томонидан ҳам байрам кунлари чегирмалар эълон қилинмоқда. Хусусан, байрам доирасида яшаш жойлари учун 20 фоизгача, умумий овқатланиш шохобчаларида 22 фоизгача, туристик фирмаларда 35 фоизгача чегирмалар берилади.
Бундан ташқари, 20 март куни Самарқанд шаҳрида “Кабоб фестивали”, 19 март куни Жомбой туманида улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилади. Наврўз байрами тантаналари ҳам Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида умумхалқ сайли сифатида нишонланиши кўзда тутилган. Байрам тадбирларида маҳаллий ва хорижлик туристлар иштирок этиши учун барча имкониятлар яратилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА