Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармасининг қидирув шўъбаси томонидан қарздор ва уларнинг мол-мулкларини топиш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган тезкор тадбирларда алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган 198 нафар қарздор фуқаро топилган. Натижада 73 нафар қарздор фуқаро алимент пулларини тўлаб бермаганлиги сабабли, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик масалалари ҳал этилган.
– Иш юритувда бўлган ижро ишлари юзасидан 110 нафар қарздор жисмоний шахсни қидириб топиш чоралари кўрилмоқда, – дейди МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси инспектори Тўражон Жалилов. – Қидирувга берилган ушбу шахслардан 36 нафари чет элга турли мақсадларда чиқиб кетганлиги аниқланди ва уларга нисбатан давлатлараро қидирувни амалга ошириш бўйича сўровномалар юборилди. Бундан ташқари, маҳаллий қидирувга берилган 74 нафар қарздорни топиш бўйича тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Ғ. Ҳасанов,
ЎзА